ИИБ ходимига қаршилик кўрсатган фуқарога нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда

Жорий йилнинг 24 май куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига Нуробод тумани Улус қишлоғида яшовчи Қ.Умаров қўнғироқ қилиб, товламачилик, таъмагирлик содир қилинаётганлигини баён қилган.

Мурожаатдаги ҳолатга аниқлик киритиш учун Каттақўрғон шаҳар ИИБ профилактика инспектори, майор Ф.Турдиниязов фуқаронинг олдига бориб, у билан суҳбатлашганида, фуқаро нотўғри хабар берганлиги аниқланиб, мазкур ҳолатни расмийлаштириш учун шаҳар ИИБга таклиф қилинган.

Қ.Умаров ИИБ биносига боришдан бош тортиб, ходимга қаршилик кўрсатган ва видео тасвирга олишни бошлаган. Фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 195-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Профилактика инспекторининг бош кийимсиз, тиббий ҳимоя ниқобисиз бўлганлиги юзасидан вилоят ИИБ маъсул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.