Кечаги маҳалла посбони бугун профилактика инспектори

Гап тойлоқлик Нўъмонжон Бекмуродов ҳақида бормоқда. У болалигидан ички ишлар ходимлари либосини кийишни орзу қилган. Улғайиб, бу орзу мақсадга айланди. Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини битириб, ўзи яшайдиган қишлоқ яқинидаги Адас маҳалласида посбон, яъни ҳудуд осойишталиги йўлида фаолият кўрсатадиган профилактика инспектори ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлади. Нўъмонжоннинг шижоати ва меҳнатсеварлигини сезган туман ички ишлар бўлими ходимлари уни шу тизимда ишлашга таклиф қилди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб,  фаолиятини туманнинг энг чекка ҳудуди Ўрай-Элипок маҳалласи профилактика инспектори вазифасидан бошлади.

У кунни маҳалла раиси билан ҳудуддаги муаммоларни ўрганиш ва мавжуд масалаларга ечим топишдан бошлайди. 

- Осойишталикни таъминлаш бир кишининг иши эмас, - дейди Н.Бекмуродов. – Бу борада менга шу ҳудуддаги фаоллар яқиндан ёрдам беради. Айниқса, маҳалла раиси Фарҳод Мавлонов доим ёнимда. Ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга оширамиз. Жиноятчилик бекорчиликдан келиб чиқишини англаган ҳолда аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, вояга етмаганларнинг вақтини мазмунли ўтказиш чораларини кўрамиз.

Ҳафтанинг ҳар пайшанбасида “Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш куни” тадбирлари доирасида ҳудуддаги таълим муассасалари ва ташкилотларда профилактик тадбирлар ўтказилади.

- Бу шарафли касбнинг масъулияти катта, ўзига яраша машаққати ҳам бор, - дейди Н.Бекмуродов. – Аввал маҳалла посбони бўлиб ишлаганим ҳозирда қўл келмоқда. Ҳар кунги иш режамни бир кун аввал ишлаб чиқаман. Баъзида тузилган режалар бузилиб кетади. Аммо қолган ишга қор ёғар, деганларидек қилиниши керак бўлган ишларни эртанги кунга қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Баъзида ярим тунда чақирув бўлиб қолади. Масалан, маҳалладаги қайсидир хонадонда оилавий жанжал содир этилиши мумкин. Турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун қисқа фурсатда етиб бораман. Имкон даражасида ҳудудимиздаги муаммоларни фаоллар ёрдамида маҳалладан ташқарига чиқармасдан, шу ернинг ўзида ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

Нўъмонжон Бекмуродов шу маҳаллада қарийб бир йилдан бери профилактика инспектори вазифасида фаолият олиб бормоқда. Шу давр мобайнида ҳудудда бирорта жиноят содир этилмади. Бу албатта маҳалла фаоллари билан бирга тонгдан шомгача ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўрганлиги, ҳатто тунда ҳам ҳушёрлиги, бедорлиги самарасидир.

Тўлқин Сиддиқов.