Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда тиш имплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Вилоят стоматология поликлиникасида “Мураккаб тиш имплантацияси жарроҳлик амалиётининг замонавий усуллари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти, вилоят стоматология поликлиникаси ва Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда стоматология поликлиникаларида фаолият олиб бораётган юз-жағ жарроҳлари ва имплантологлари, магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди. Тошкент стоматология институти болалар юз-жағ жарроҳлиги кафедраси профессори Ш.Шокиров ва “Sergo-Dental” клиникаси имплантологи Ҳ.Раззоқовлар мавзу юзасидан маъруза қилди.

- Мураккаб ҳолатда тиш имплантини экиш ва сунъий суяк ҳосил қилиш амалиёти билан 15 йилдан бери шуғулланиб келамиз, - дейди Ҳ.Раззоқов. – Кейинги йилларда мамлакатимиз пойтахтида амалга оширилаётган бу мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятларда ҳам ўтказиш бўйича режалар ишлаб чиқилган. Бугун тиббиёт соҳасида яхши кўрсаткичларга эришаётган Самарқанд вилоятида ўтказилаётган ўқув-семинарининг мақсади шу соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашишга қаратилган. Бу замонавий амалиётнинг аввалги тиш қўйиш усулларидан фарқли жиҳатлари кўп. Асосийси, инсон жағига тиш имплантини ўрнатишда соғлом тишларга ҳеч қандай таъсири йўқ. Агар операция жараёнлари шу ерда ўтказилиши йўлга қўйилса, инсон саломатлиги учун зарур бўлган тишлар узоқ вақт хизмат қилишига, беморларнинг вақти ҳамда маблағи тежалишига эришилган бўларди.

Тадбир доирасида тингловчилар учун тиш имплантацияси жарроҳлик амалиёти бўйича мастер-класс ташкил этилди. Семинар ўтказилган залдаги монитор орқали операция блокида амалга оширилган жарроҳлик амалиёти жараёнини иштирокчилар онлайн тарзда кузатиб борди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.