Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда «Йил аёли» танлови ғолиблари аниқланди

 Самарқандда «Йил аёли» танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг шаҳар, туманларида турли соҳаларда фаолият юритаётган, фаол хотин-қизлар иштирок этди.

Анжуманда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш мақсадида олиб борилаётган ишларга тўхталди.

- Айни пайтда вилоятда минг нафар лидер аёллар, 7 мингга яқин фаол қизлар рўйхати шакллантирилган, - деди Г.Алимова. -  Бугун 74 фоиз хотин қизлар ижтимоий соҳада фаолият кўрсатмоқда. Хотин-қизларнинг бандлигини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аслида оиласида фидойи бека бўлиши баробарида, жамиятда фаол аёлларнинг барчаси «Йил аёли» номзодига лойиқ.

Тақдирлаш маросимида бир гуруҳ фаол, жамиятда муносиб ўринга эга аёллар инновацион ғояларни тарғиб қилган энг фаол олима, йилнинг энг яхши ижодкори, энг илғор талбиркор, фермер, йилнинг энг яхши ҳуқуқ тартибот ходималари бир қатор номинациялар бўйича тақдирланди.

- Халқ таълими тизимида узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатаман. Айни пайтда Паст Дарғом тумани халқ таълими бўлимида ишлайман, - дейди «Йилнинг энг яхши мутахассиси» номинацияси совриндори Зебинисо Мусурмонова. - Ўтган вақт мобайнида мен ишлаётган бошланғич таълим йўналишида 5 нафар ўқитувчининг ишлари оммалаштирилди. Ҳар йили анъанавий тарзда, ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида «Зиё» танловини ўтказиб келамиз.

Тақдирланганлар орасида «Самаркандский вестник» газетаси мухбири Замира Болтаева, Самарқанд телерадиокомпанияси мухбири Умида Мамадалиева хотин-қизлар мавзусини яхши ёритган журналист сифатида эътироф этилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.