Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги 20 та истироҳат боғида йил якунигача бепул Wi-Fi ҳудуди ташкил этилади

Бу ҳақда Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган матбуот анжумани чоғида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини  ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Эшназаров маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда мобил алоқа абонентлари сони 2 миллион 126 мингтани, IPTV хизмати фойдаланувчилари сони 4,5 мингтани ташкил қилмоқда. Интернетдан фойдаланувчилар 850 мингдан ортиқ.

2018 йил давомида вилоят бўйича 240 километр оптик толали алоқа кабеллари тортилган бўлса, 2019 йилнинг 6 ойида бу кўрсаткич 335 километрга етди.

Ўтган йил вилоятда 213 та база станциялар ўрнатилган бўлса, жорий йилнинг 6 ойи давомида мобил алоқа операторлари томонидан 268 та база станциялари (31 та 2G, 118 та 3G, 119 та 4G) жойлаштирилди.

“Обод қишлоқ” Дастури доирасида вилоятнинг 9 та қишлоқларида 11 та 3G ва 4G қурилмалари ўрнатилди ҳамда ушбу ҳудудлар сифатли мобил алоқа хизмати билан таъминланди.

Рақамли телевидение узаткичлари ўрнатилиши натижасида, вилоят аҳолисининг рақамли телевидение билан қамрови 100 фоизга етказилди.

Маълумотлар узатиш тармоғи (жумладан Интернет) тезлигини ошириш мақсадида, жорий йилда вилоят маркази тармоқнинг ўтказувчанлик қобилияти 40 Гбит/с дан 100 Гбит/с га, шаҳар ва туманлар марказларигача 1 Гбит/с дан 10 Гбит/с га етказилди.

Йил бошидан буён “Самарқанд” халқаро аэропорти, темир йўл вокзали, Улуғбек автошохбекати, шунингдек, ўндан ортиқ тарихий обида ва зиёратгоҳларда бепул Wi-Fi зоналари ташкил этилди.