Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик фуқаро чиқиндини белгиланмаган жойга ташлагани учун жаримага тортилди

Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаб кетиш, жойлаштирилишининг олдини олиш, Самарқанд шаҳрини тоза-озода сақлашда фуқароларнинг масъулиятини ошириш мақсадида тушунтириш-тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан, қоидаларга амал қилмайдиган, уй-жойи ёки ишлаб чиқариш объектида ҳосил бўлган чиқиндиларни кўздан панароқ жойга ташлаб кетишга ҳаракат қилаётганлар учраб турибди.

Айтиш мумкинки, бундай кишилар Самарқанд шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташланишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган рейд-кузатув тадбирлари давомида аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг бирида Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғони, Завод кўчаси атрофида фуқаро Ш.А “ЗИЛ” русумли автомашинада қурилиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга тўкаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан давлат инпекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунининг 45-моддаси ва бошқа тегишли норматив ҳужжатларга маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Шунга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробари миқдорида жарима қўлланилди.

Шунингдек, Дарғом каналининг Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғони ёнидан оқиб ўтувчи қисмида қирғоқ бўйларига фуқаролар томонидан кўп миқдорда қурилишдан ҳосил бўлган чиқиндилар ноқонуний равишда ташлаб кетилган. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлими ходимлари томонидан ҳудуд тозаланиб, чиқиндилар утилизация қилинди.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.