Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДАҚИнинг дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги кучаймоқда

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида Россия Федерациясининг Тамбов давлат техника университети таълим муассасаси ректори Михаил Краснянский ва Ульяновск давлат техника университети қошидаги Халқаро институт директори Павел Пазушкин иштирокида учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида институт ректори Султон Аҳмедов ва Тамбов давлат техника университети ректори Михаил Краснянский ўртасида ҳамкорлик шартномаси ҳамда меморандум имзоланди.

- Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган, - дейди М.Краснянский. – Бу таълим соҳасида ҳам ўз аксини топган ва самарасини бермоқда. Имзоланган меморандум томонларнинг университет таълими соҳасида, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, халқаро ҳамкорликни ташкил этиш ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутади.

Шунингдек, учрашувда икки томонлама академик ҳамкорликни таълим йўналишларида ривожлантириш борасида музокаралар олиб борилди. Иккала томоннинг илмий потенциалини ошириш, семинар ва конференциялар ташкил этиш, илмий ишлар тўпламларини нашр этиш, тадқиқотлар ўтказиш, грантларда биргаликда иштирок этиш, қолаверса, иккала олий ўқув юртининг академик салоҳиятини ошириш ва тажриба алмашиб туришга келишиб олинди.

Музокаралар давомида Ульяновск давлат техника университети қошидаги Халқаро институт директори П.Пазушкин ҳам Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари, хусусан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва уни кенгайтириш режалаштирилаётганини таъкидлади.

Жавлон СОДИҚОВ,

СамДАҚИ матбуот котиби.