Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДЧТИнинг икки нафар ўқитувчиси Германияда малака оширади

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг роман-герман тиллар факультети немис тили таълим йўналишида 120 нафар ёшлар бакалавр ва 10 нафар ўқувчи магистрлик йўналишлари бўйича таҳсил олади. Талабаларга немис тили кафедрасининг 25 нафар профессор-ўқитувчиси ва Германиядан келган бир нафар мутахассис дарс беради.

– Германиядаги Хумбольдт ва Хайдельберг университети ҳамда Гёте институти ва DААD ташкилоти билан ҳамкорликда иш олиб борамиз, – дейди факультет декани Баҳодир Примов. – Икки давлат таълим муассасаларининг ўқитувчи-ўқувчилари мунтазам фикр ва тажриба алмашади, илмий адабиётлар яратади. Ҳар йили белгиланган талаблар асосида Гёте институти ёки DААD ташкилоти имтиёзига эга бўлган ўқитувчи ва талабалар Германиядаги илм масканларида ўқиб, малака ошириб келади. Жумладан, 2018 йилда икки нафар ўқитувчи ва 5 нафар талаба шундай имтиёзни қўлга киритганди.

Яқинда СамДУ, СамДЧТИ ва СимИСИ академик лицейлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги 51-немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби билан Германиянинг Халқаро мактаблар ҳамкорлиги ташкилоти ўртасида шарт­нома имзоланди. Энди икки давлатнинг дастлабки таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларга ҳам эътибор қаратилади.

Дарвоқи, "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан 2019 йилда институтнинг немис тили таълим йўналиши бўйича икки нафар ўқитувчиси Германияга бориши ва германиялик бир нафар мутахассиснинг Самарқандга келиши белгиланган.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.