Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шеърий фельетон: Солиқ тўлаш

Бордим солиқ идорага,

Ер солиғин тўлай, деб.

Қарзим узиб, ташвиш-у

Ғамдан узоқ бўлай, деб.

 

«Қарзи йўқ» деган қоғоз

Сўрадим укачадан.

- Борсангиз ёзиб берар, –

Дер «Ягона дарча»дан.

 

Бекзод деган бир йигит

Вақт топмас гапиргани.

Компьютердан кўз узмай,

Дер: иккита уйгами?

 

Мен ҳайратда, мен ҳайрон,

«Икки уй»ни эшитиб.

- Ҳой, ука, ўйлаб гапир,

Аввал яхши пишитиб.

 

Индамасам, ўзингча,

Қўшхотинлик ҳам дерсан.

Шошмай тургин, тирранча,

Ҳали шапалоқ ейсан.

 

Талмовсираб турди, сўнг:

- Боринг, - дер кадастрга.

Равшан исмли йигит,

Кулади қараб ерга.

 

Яхши йигит экан у,

Йўқ экан дилда гарди.

Ҳужжатларимни кўриб,

Ҳожатимни чиқарди.

 

Хуллас, ўн кун деганда

Ишим топди ниҳоя.

Кимга чўпчак бу гапим,

Кимларгадир киноя.

Нуриддин ЯҲЁЕВ.