Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сифатни бошқариш тизими сертификатини қаердан олсам бўлади?

- Сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини кенг жорий этиш ва маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификациядан ўтказиш корхона учун жуда фойдали. Бу ҳақда керакли маълумотга эгаман. Аммо вилоятда ушбу сертификатни қаердан олиш мумкин?

Х.Эрматов,

тадбиркор.

Ушбу саволга «UzTest» ДУК Самарқанд филиали қошидаги сифат тизимларини сертификатлаштириш идораси раҳбари Ф.Шакирова жавоб берди:

- Корхоналарда халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат тизимларининг жорий этилиши рақобат муҳитида корхоналар ютуғининг кафолати ҳисобланади ва корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ва истеъмолчиларни сифатли ва экологик хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.

Бугунги кунда корхоналарда сифат тизимларини сертификатлаштириш йўналишлари бўйича “Ўзстандарт” агентлиги тизим ташкилотлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар узвий давоми сифатида “TURKAK” халқаро аккредитация идораси томонидан дастлаб 2017 йил 26 апрелда берилган аккредитация гувоҳномаси 2020 йилнинг 23 июлда «UzTest» давлат унитар корхонаси Самарқанд филиали номига қайта расмийлаштирилиб олинди. Ушбу филиал қошидаги сифат тизимларини сертификатлаштириш идораси томонидан қуйидаги йўналишларда корхоналарда ISO 9001 халқаро стандарти асосида сифат тизимларини сертификатлаштириш имконияти мавжуд:

- текстил маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи;

- қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи;

- меҳмонхона ва овқатланиш хизматларини ишлаб чиқарувчи;

- полиграфия маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи;

- банк муассасалари;

- ўқув юртлари;

- озиқ-овқат маҳсулотлари, алкоголсиз ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар.

Ўтган давр мобайнида сифат тизимларини сертификатлаштириш идораси томонидан 5 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари ISO 9001 халқаро стандарти талаблари асосида сертификатлаштирилди. Бунинг натижасида ушбу корхоналар экспорт салоҳияти сезиларли даражада ўсиб, янги иш ўринлари яратилди.