Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сиз ҳар куни тўғри овқатланяпман деб ўйлаяпсизми?

Cиз ҳар куни эрталабки нонуштада нималар истеъмол қиласиз? Ширин чой, сариёғ ва қовурилган тухум дастурхонингиздан ўрин олган, шундайми? Тушликда-чи? Албатта қуюқ таомлардан тановул қиласиз. Кечки нонуштада ҳам оила даврасида ёғлиққина паловхонтўрани паққос тушириб, кейин, ётиб дам олишни истайсиз.

Хўш, аслида сиз тўғри ва соғлом овқатланаяпман деб ўйлайсизми? Cизнинг-ча, инсон учун кундалик овқатланиш тартиби қандай бўлиши керак?     

ЮНЕСКО мутахассислари томонидан Ўрта ер денгизи атрофида яшовчиларнинг  кундалик овқатланиши бутун дунё аҳолиси учун энг мақбул ҳаёт кечириш ва овқатланиш тарзи сифатида белгилаб олинган. Ўрта ер денгизи парҳези деб аталадиган ушбу таомнома кундалик соғлом овқатланиш формуласи сифатида эътироф этилади. Тиббиётчи олимлар уни атрофлича ўрганиб, юрак қон-томир тизими касалликлари, хавфли ўсмалар ва танадаги зарарли холестерин миқдорини камайтириб, бартараф этади, деган хулосага келишган.

Ушбу парҳезга амал қилувчилар кундалик овқатланиш рациони таркибида янги узилган мева-сабзовотлар, шунингдек, бўтқа, балиқ, зайтун ёғи баъзида уни ўрнини кунжут, кунгабоқар ва зиғир ёғи билан тўлдиришлари мумкин.

Ўрта ер денгизи парҳези овқатланишнинг аниқ қоидаларини кўзда тутади:

* Таркибида крахмал бўлган нон, макарон, турли хил бўтқалар ва картошкадан бўлган овқатларни тушликка қадар истеъмол қилиш лозим.

* Тушликдан кейин мева ва сабзавотлар, унча ширин бўлмаган мевалардан тановвул қилиш тавсия этилади.

* Қанд маҳсулотларини жуда чегараланган миқдорда истеъмол қилган маъқул.     

* Ёнғоқ, нўхат, ловия ҳамда турли хил кўкатлар кун тартибидан ўрин олмоғи зарур.

* Кунига 1,5 литр тоза сув ичиш талаб қилинади.

 * Ҳафталик таомномангиздан балиқ, қуён, товуқ гўштидан тайёрланган таомлар, шунингдек, тухум, пишлоқ, қатиқ ва чакки етарли миқдорда ўрин олиши зарур.

Овқат рационингиздан консерваланган, рангли, буёқли, кока-кола, пепси-кола, фанта, тархун каби газли, қандли ҳамда спиртли ичимликлар олиб ташланиши мақсадга мувофиқ. Ширинликлардан фақат асални ўртача миқдорда қабул қилса фойда беради. Ёғли пишлоқ ва сариёғни чеклаган маъқул.

Ўрта ер денгизи парҳези асосан - мунтазам равишда жисмоний машқ, фаол дам олиш ва тоза ҳавода кўпроқ вақтни ўтказиш билан олиб борилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланиб, бутун жаҳон мероси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган парҳезга амал қилувчилар ўртача 90 ёш умр кўришади. Улар ўртасида гипертония (хафақонлик), юрак-ишемик касалликлар, шунингдек, инсульт, қандли диабет ва хавфли ўсмалар кам учрайди. 

Мазкур парҳезни пирамида кўриниши қўйидагича: 

Яхшинор АЛЛАЁРОВ,

Самарқанд давлат медицина институти доценти.