Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Соф обунага эришайлик”

Халқ таълими вазирлигида ўтказилган анъанавий август кенгашининг республика ўқув-амалий семинарида янги ўқув йилида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди, дея хабар қилади marifat.uz.

Тадбирда мутасаддилар томонидан ўқитувчи манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда унинг масъулиятини оширишга доир таклифлар берилди. Жумладан, ўқув йилини озода бинода, саранжом-саришта масканда кутиб олишни истаган педагогик жамоа мактаб ҳовлисини ободонлаштиришга интилиши ва бу борадаги айрим нохуш гап-сўзлар ҳақида сўз борди. Бундай вазиятда айрим педагоглар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгандек шикоят қилаётгани бор гап. Бироқ янги ўқув йилига тайёргарлик кўришда тозаликни таъминлашнинг қандай номақбул жиҳати бор? Тўғри, муаллим кўча супуриб, пахта даласига чиқиб юрмаслиги керак. Агар мактаб ҳисоб рақамида маблағи бўлса, қўшимча ишчи кучи ёллаши мумкин.

Семинарда обуна масаласига ҳам қисқача тўхтаб ўтилди.

- Ўтган йили мажбурий обунани бартараф этишга ҳаракат қилдик, — деди Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров. — Мана, яна обуна мавсуми яқинлашиб келяпти. Бу йил мажбурий обуна ўрнига соф обунага эришайлик. Сизлардан сўрардимки, бу вазиятда қайсидир мактаб директори ёки туман халқ таълими бўлими мудирига жазо бериш билан шуғулланманг. Янги ўқув йилида “Соф обуна йили”ни ўтказайлик.