Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спортчиларимиз Ёзги универсиадада 8 та медални қўлга киритди

Италиянинг Неаполь шаҳрида бўлиб ўтган XXX Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинларида иштирок этган мамлакатимиз спортчилари 112 давлат ўртасида 19 ўринни эгаллади.

Жаҳоннинг энг кучли 5971 нафар спортчилари спортнинг 18 тури бўйича 222 та медаллар жамланмаси учун ўзаро курашди.

Делегациямиз аъзолари Универсиада ўйинларида жами 8 та (2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза) медаль жамғариб, Осиё давлатлари ичида олтинчи, Марказий Осиёда эса энг яхши натижа кўрсатишди.

Жорий йилги универсиадада етакчи бўлган япониялик спортчилар энг кўп 33 та олтин, 21 та кумуш ва 28 та бронза медалларини қўлга киритган бўлса,  Россия ва Хитой терма жамоалари иккинчи ва учинчи ўринни банд этишди.

Теннис бўйича Ҳ.Султонов ва С.Файзиевлар ҳам жуфтлик баҳсларида, ҳам  умумжамоа ҳисобида олтин медалларни қўлга киритишган бўлса, таэквондочимиз Н.Пўлатов (63 кг) ва теннисчимиз Ҳ.Султонов яккалик баҳсида кумуш медалларга эга чиқди. Шунингдек, дзюдочиларимиздан Д.Келдиёрова (52 кг), Ҳ.Тўраев (73 кг), М.Хуррамов (100 кг) ҳамда Д.Бобоновлар мутлақ вазнда бронза медаллари учун беллашувларда ғолиб чиқишди. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.