Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ижтимоий тармоқларда одам папиллома вирусига қарши вакцина тўғрисида билдирилаётган важлар асоссиз

Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, дунёда биргина 2018 йилда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 нафардан ортиқ аёллар вафот этади. Аммо касалликнинг ушбу турининг олдини олиш борасида синалган ва самарали усуллар мавжуд. Улардан бири — одам папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлаш.

Мамлакатимиз ҳам бу борада биринчи қадамни қўйди, яъни шу йилнинг октябридан бошлаб юртимиздаги барча 9 ёшли ўсмир қизлар ушбу касалликка қарши эмланади. Натижада келажакда ҳар йили 1 100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича 600 га яқин ўлим ҳолатининг камайишига эришилиши кўзда тутилмоқда.

Кўпчиликни одам папиллома вирусининг ўзи нима? Ушбу вакцинага мамлакатимизда эҳтиёж борми? Вакцинанинг асоратлари бўлмайдими, деган саволлар қизиқтириши табиий. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ушбу вакцина ҳақида турли хавотирли баҳс-мунозаралар ҳам бўлмоқда. Улар қанчалик асосли?

Одам папиллома вируси (ОПВ) нима?

Папиллома - вирусли касаллик бўлиб, унинг 200 дан ортиқ тури мавжуд. Айрим кўринишлари онкологик хасталикларни келтириб чиқаради. Хусусан, аёллардаги бачадон бўйни саратони ривожланишида айнан папиллома вируси етакчилик қилади. Вируснинг 10 га яқин тури жинсий аъзоларни зарарлайди. Унинг онкоген хавфи юқори бўлган 6, 11, 16, 18 турлари эса саратонни пайдо қилиши мумкин.

Одам папиллома вируси (ОПВ)га қарши вакцина эса турли хавфли касалликларга сабаб бўлувчи ОПВ инфекциялари юқишининг олдини олиш учун қўлланилади. Бундан ташқари, одам папиллома вирусига қарши эмлаш аёллар ва эркаклар жинсий аъзоларида ўткир учли кондиломалар пайдо бўлишига сабаб бўлувчи ОПВ инфекциялари юқишининг ҳам олдини олади.

Ҳуқуқий асос билан мустаҳкамланган

Бачадон бўйни саратони тарқалишига кўра, жаҳонда аёлларда учрайдиган саратон касалликлари орасида тўртинчи ўринда туради. Дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейинги ўринни эгаллайди. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса ушбу хасталик барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон бези саратонидан кейин учинчи ва туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида эса иккинчи ўринда туради. Маълумотларга кўра, ҳар йили юртимизда 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Шу боис бутун дунёда ушбу касалликнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Юртимизда 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу борада миллий рeжа тасдиқланган. У ўз ичига бачадон бўйни саратонини даволаш, паллиатив ёрдам кўрсатиш билан бирга, ОПВга қарши эмлаш, бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш каби бирламчи профилактик тадбирларни қамраб олади. Миллий эмлаш календарига кўра, мамлакатимизда болалар давлат бюджети ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфeкцияларга қарши эмланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда эпидемиологик ҳолат барқарор сақланмоқда. Эндиликда ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади.

– Айни пайтга қадар мамлакатимизда Миллий эмлаш тақвимига кўра, 12 турдаги касалликларга қарши эмлаш ишлари олиб борилар эди. Эндиликда навбатдаги одам папилома вирусига қарши вакцина жорий этилмоқда, – дейди Вирусология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Эркин Мусабоев. – Шу ўринда қайд этиш керакки, мамлакатимизда ҳар бир вакцинани жорий қилишдан олдин уни ҳар томонлама чуқур таҳлилдан ва синовдан ўтказиб, кўзланган ижобий натижа олинсагина, у амалиётга жорий этилади. Бу гал ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида махсус техник экспертлар гуруҳининг дунё тажрибасига таянган ҳолда ўтказган экспериментлари ижобий натижасини намоён этди. Шунинг учун бу вакцинадан қўрқиш, хавфсираш ноўрин. Мазкур вакцинага қарши кўрсатмалар умуман йўқ.

Дунёнинг қайси мамлакатларида ушбу вакцина амалда?

Маълумот учун, айни пайтда ОПВга қарши режали эмлаш дунёнинг 102 дан ортиқ мамлакатида бир ёки бир неча турдаги ОПВ вакцинасидан фойдаланишга рухсат берилган. Шу йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра, дунёнинг 96 та давлати (жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақасидаги 33 мамлакат) миллий эмлаш дастурларига ушбу вирусга қарши эмлашни киритган. Шунингдек, 11 та мамлакат ҳатто ўғил болаларни ҳам эмлаш дастурини жорий этган. Эмлашнинг инсон саломатлигини асрашдаги муҳим натижаси бу вакцина кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган жуда кўплаб давлатлар (АҚШ, Россия, Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Шотландия) мисолида яққол намоён бўлмоқда.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, одам папиллома вирусига қарши вакцинанинг нархи анча қимматлиги сабаб аксарият давлатларда у пулли асосда бажарилади. Бизнинг мамлакатимизда эса ўсмир қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланади.

Вакцина хавфсиз ва кафолатли

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, одам папиллома вирусига қарши вакцина мамлакатимизда илк маротаба 2006 йилда лицензиялашдан олдин синовдан ўтказилган. Ўтказилган клиник тадқиқотларда вакцина аёллар репродуктив функцияларига ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсатмаслиги аниқланган. Шунингдек, ушбу вакцина саратон олди касалликлар ва саратоннинг олдини олиш билан бирга репродуктив функцияни ҳимоя қилиши ҳам аниқланган.

– 2010 йилда мамлакатимизда 8 минг нафар 9-15 ёшли қизлар орасида ушбу вакцина қўлланилган эди. Ўтган даврда ушбу қизларда ҳеч қандай салбий ўзгаришлар кузатилмади, – дейди профессор Дилбар Маҳмудова. – Бугунги кунда миллат генофондини яхшилаш, аёллар ва қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу вакцина олиб келинмоқда. Шу ўринда савол туғилиши табиий. Нима учун вакцина айнан 9-14 ёшдаги ўсмир қизларда қўлланилади? Илмий изланишлар натижасига кўра, айнан шу ёшдаги қизлар мукаммал равишда иммунитет ишлаб чиқаради. Боиси, улар ҳали турмушга чиқмаган ва вирусни юқтириш иммунитетига эга бўлмаган бўлади. Шу сабабли ҳам айни шу пайтда эмлаш бошқа ёшдагиларга нисбатан самарали бўлади.

– 15 ёшимда ҳудудимиздаги оилавий поликлиникада одам папиллома вирусига қарши вакцина билан эмланганман, – дейди Гулираъно Раҳимжонова. – Ҳеч қандай шикоят ёки оғриқли, нохуш ҳолатлар кузатилмаган. Ҳозирда 23 ёшдаман. 2015 йил турмушга чиқдим. 2016 йилда қиз фарзандли бўлдим. Ҳомиладорлик даврим жуда яхши ўтган. Айни пайтда соғлом оналардан бириман.

Кўриниб турибдики, ижтимоий тармоқларда вакцина ҳақидаги билдирилаётган турли хавотирли муносабатлар ўринсиз.

Айни пайтда мамлакатимизда ўсмир қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш ишлари бошланиш арафасида. Республика бўйлаб бу тадбирлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич шу йилнинг октябрь ойининг учинчи ўн кунлигидан ноябрнинг охиригача давом этса, иккинчи босқич 2020 йил апрелида ўтказилади. Бу жараёнда мамлакатдаги 353 минг нафар 9 ёшдаги қизлар қамраб олиниши режалаштирилган.

Эмлаш жараёнининг бориши эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатъий назоратига олинади. Эмлаш жараёни барча тиббий кўрсатмаларга риоя этилган ҳолда ўз вақтида ва тўғри амалга оширилса, ҳеч қандай асорат бўлмайди. Аксинча, ОПВга қарши эмлаш орқали фарзандларимизни бачадон бўйни саратони деб аталмиш оғир дарддан халос этишга, келажакда уларнинг соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришига эришамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.