Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Статуслар нима... дейди?

Сўнгги пайтларда бемаза қовуннинг уруғидай урчиб бораётган бир-биридан ғалати статуслар ижтимоий тармоқларда тўлиб тошмоқда.

Келинг, ана шундай кенг тарқалган, имло хатолар ва ғализ жумлаларга обдон «бўккан» статусларни бироз эпақага келтирган ҳолда бир нечтасини эътиборингизга ҳавола этамиз: «Илоҳи омин бизниям пулимиз кўпайиб босар­ тусаримизни билмай қолайлик!», «Мен душманларимни сотмайман, текинга бериб юбораман!», «Вужудимга қалтироқ кириб, юрагим тез-тез урса, севиб қолдим деб ўйлабман. Кейин билсам, шамоллаб қолган эканман», «Ҳаммаси жонимга тегди, нима бўлса бўлар, қўлимга арқон оламан-да бирор дарахтнинг остига бораман кейин.. кейин мазза қилиб арғамчи учаман», «Кимлардир мени ҳаётидан «удалить» қилиб юборганидан хурсанд... билмайдики, мен уларни ҳали «сохранять» қилиб ҳам улгурмагандим!», бу каби ёзиқлардан яна минглаб мисол келтириш мумкин. Гап шундаки, бу статусларни аксар ёшларнинг Netbook ёки Notebookида, замонавий қўл телефонларининг «Асосий экран» ёрлиқларида бот-бот учратишингиз мумкин! Бу «ибратли ибора»ларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмлар ёнидан жой олганлигини ҳам кўп учратганмиз.

Хўш, бу каби жаргон аралаш «ибратли ибора»лар ёшларга нима беради? Бир қарашда беозордек кўринган, ҳақиқатга ҳамин қадар яқин (аммо ҳақиқат эмас), бу статуслар нимани тарғиб қилаяти?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, сиз бир кунда телефонингизга ўртача неча марта эътибор қаратасиз? Олимларнинг таъкидлашича, одамлар ҳозирги кунда Sensor телефонларга «Nokia 1100» га ўхшаган аждодларига қараганда 370 маротаба, симли телефон аппаратларига қараганда эса, 500 маротабадан ошиқ кўз ташлар экан. «Асосий экран» ёрлиғида турган ўша статуслар фойдаланувчининг онг остига қадар кириб бормаган дейсизми? Ё «оммавий маданият» ва салбий қарашларнинг изи кўринмайдими? Келинг, юқоридаги каби айрим статусларни биргалашиб, таҳлил қилиб кўрамиз: «Одамларнинг гапларига ишонманг, мен ундан ҳам ёмонман», энди бу сўзларнинг мияда тахминий синтезланиши қуйидагича: «Мени ёмонлигимни ҳали кўрмабсанлар, энди кўрасанлар!» киноя ва қочириқ остидаги бу статуснинг хулосаси «ёмонлик яхши» деган фикрга туртки бўлмоқда. Бир болага етти маҳалла ота-она мақолининг атай бузилиши инъкосида шакл­ланган «Бир болага етти маҳалла ота... Агар унинг онаси ўйинчи бўлса!» статуси очиқ тахқир ва киноя устига қурилган, бу ерда андишасизлик ва беҳаёликни тарғиб қилиб келмоқда. «Севгингни узоқдан қидирма, чунки айтишади-ку, фалокат оёқ остида бўлади деб» «ибора»си балоғат остонасида турган ёшларга бўлажак турмуш ўртоғи тўғрисида нотўғри фикрни шаклланишига ўзак бўлмоқда. Бу эса, жамиятда оиланинг парокандалигига олиб келадиган омиллардан биридир. «Дўстингга қарз берма, ё дўстингдан, ё пулингдан айриласан!» статуси эса, ҳеч кимга ишонмасликни уқтираяпти. Ўзбекчиликда нафақат дўстнинг яхши-ёмон кунида кўмак берилади, балки хизматида бел боғлаб турилади. Дўст шунинг учун ҳам дўст! «Онаси ўпмаган, отаси сўкмаган, акаси урмаган, бемаҳалда юрмаган, Sensor телефон кўрмаган, Интернетни билмаган, Однога ҳам кирмаган, жуфти ҳалолни Олтин балиқдан сўрасам, у «жиннини ёқиб» олди, кулавериб ўлиб қолди!» кесатиқ-кинояли статуслар жамиятда ибо-ҳаёли, андишали, фикри бузилмаган, гапнинг сирасини айтганда, биров билан гаплашмайдиган бирорта ҳам қиз қолмаганлигига ишора қилаяти. Гапнинг индаллоси, бу каби статуслар ёшлар онгини бошқармоқда.

Эҳтимол, бу статусларнинг нимаси ёмон, пашшадан фил ясайди-да бу журналистлар деяётгандирсиз. Унда психолог Шаҳноза Акромова фикрларига қулоқ тутинг.

– Чет эл мультфильмининг бирида шундай саҳна бор: бекатда қадди-қомати келишган қиз, шляпа кийганча гитара чалиб қўшиқ айтмоқда. Атрофида сон-соноқсиз йигитлар унга севги тўла нигоҳларини қадаб ўтиришибди. Шу пайт бекатда автобус келиб тўхтайди. Унинг ичида бақбақалоқ, кир-яғир кўйлакдаги аёл бир-биридан бе­зори болаларини эплаб ололмай қийналиб ётибди. Автобус жўнаб кетди, нигоҳимиз яна ўша бекатдаги гўзал жувонга ва унинг атрофида терилиб ўтирган йигитларга тушади. Чиройли мусиқа ва сеҳрли қўшиқ давом этади. Бунинг хулосаси шуки, ҳали ёзиш-чизишни эплаб билмайдиган қизалоқлар онгига, шундай усталик билан бир фикрни жойлаяпти «Эрга тегма, семирасан, болаларинг умрингни ейди, ундан кўра бўй қиз бўлиб, даврон сур!» Албатта, бола бу ахборотни онгли равишда қабул қилмаганидек, аксар фикри нотеран инсонларнинг мияси ҳам бу ғалати статусларга бефарқ қарайди. Беш қўл баробар бўлмаганидек, ижтимоий тармоқлардаги статусларнинг ҳам ҳаммасини ёппасига ёмонотлиқ қилиб бўлмайди. «Бу тонг мен иккита совғани очдим. Булар–менинг кўзларим», «Оддий одам вақтни қандай ўтказиш ҳақида ўйласа, ақлли одам вақтдан қандай фойдаланиш ҳақида ўйлайди», «Бошингга энг қийин кунлар тушиб, сен бардош бера олмайдиган нуқтага келганда, асло сабрингдан воз кечма... ана шу нуқта тақдирингни ўзгартирадиган нуқтадир» каби статуслар маъно ва мазмун жиҳатдан кишини олға чорлайди.

Бироқ ижтимоий тармоқларда ярим яланғоч расмли бўй қизларнинг беандиша сўзларни уялмай-нетмай ёзиб қўйишига, кўча-кўйда ёшларнинг катталарга «Ассалому алайкум» деганини камдан кам учрашига, учраганда ҳам қуруққина қилиб «Салом» ёки «Солом алайкум», деб қўйишига, катталарнинг таъбири билан айтганда «Ассалому алайкум» – «Сизга соғлик тилайман» деган маънони англатадиган сўзни, «Солом алайкум» яъни «Сизга ўлим тилайман» деган сўзга айланишида ғалати статусларнинг хизмати йўқмикан, сиз нима деб ўйлайсиз?!

Абдулла Чимирзаев.