Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Судлар фаолияти такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш масаласига эътибор қаратилди.

Адолат - бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Давлатимиз раҳбари бу борада қилиниши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталди.

Янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилиб, “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади. Вилоят судлари устидан берилган шикоятлар шу суд томонидан кўриб чиқилиши амалиёти бекор қилинади.

Судларда ишларни кўриб чиқиш сифатини ошириш зарур. Чунки ўтган йилда Олий суд томонидан қуйи судлар томонидан чиқарилган 13 минг қарор ўзгартирилган.

2021 йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиб, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилинади. Фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар эмас, ягона суд амалиёти йўлга қўйилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.

Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилган. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида ўтган 2020 йилда 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Шунингдек, янги йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга шароит яратиш мақсадида инвестицияга оид ишлар Олий судда кўриб чиқилади. Яъни, улар тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Онлайн судлар жорий этилади. Бу фуқароларга ҳар томонлама қулайлик яратади.

Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлмасин, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. “Меҳр-3” операцияси амалга оширилиб, Суриядан яна 98 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келингани бунинг яққол тасдиғидир.

Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бормоқда.

Мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларимизнинг эътирофидир.

Соҳадаги барча ислоҳотларнинг асосий мақсади – жамиятда адолат, қонун, одил судловни таъминлаш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдир.

Бугунги кунда бу борада судьялар ва суд ходимлари олдига катта ва ўта масъулиятли вазифалар қўйилган.

Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим.

Жаҳонгир ҒАЙБУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.
Шоҳрух МИРЗААҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.