Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Судьяларнинг энг кичиги 35 ёш этиб белгиланган. Нега?

Яқинда телевидение орқали жиноят ишлари бўйича судья бўлиш учун алоҳида малакага эга бўлиш ва судьяликка номзоднинг 35 ёшдан кам бўлмаслиги керак, деган маълумотни эшитиб қолдим. Шу тўғрими? Бу ҳақда кенгроқ маълумот берсаларингиз.

Наргиза ЭРМАТОВА,

Ургут тумани.

Президентимиз томонидан суд жараёнларида адолат ва ҳақиқатни юзага чиқаришда судьялар зиммасига улкан масъулият юкланди. Ушбу вазифани юқори сифатда амалга ошириш учун судьялик лавозимларига номзодлардан назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллаш каби профессионал ҳаракатлар талаб этилади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги «Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида, Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, статистик маълумотларга кўра, республикамиз бўйича жиноий ишлар бўйича судьяларнинг 22 фоизи 35 ёшга тўлмаган. Ушбу судьялар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бир қанчаси юқори босқич судлари томонидан бекор қилинган. Аниқланишича, бекор қилинган қарорлардан аксариятининг қабул қилинишига судьялар томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилиши оқибатида йўл қўйилган. Содда қилиб айтганда, бунда судьяларнинг ёшлиги ва тажрибасизлиги панд берган.

Шулар ҳисобга олиниб, 2019 йил 10 сентябрь куни «Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан «Судлар тўғрисида"ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонунларга муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, судьялар корпусини етарли ҳаётий тажрибага эга, юқори малакали юристлар орасидан шакллантириш мақсадида ушбу қонунларга судьялар ёшини 35 ёшгача оширишни назарда тутувчи ўзгартиш киритилди.

Саволга жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси Акмал АҲМАДОВ жавоб берди.