Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадқиқотчиларни давлат гранти асосида хорижга юбориш дунёдаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этишда қўл келади

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасини катта қизиқиш билан кузатдик. Таълим, айниқса, олий таълим тизими бўйича кутилаётган ўзгаришлар биз педагогларнинг дилимиздаги гаплар бўлди.

Олий таълимда кейинги йилларда бир қатор ўзгаришлар қилинаётган бўлса-да, ҳали бу ўзгаришлар етарли эмасди, албатта. 2019 йилда 146 500 нафар талаба ўқишга қабул қилиниб, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан икки баробар кўплиги айтилди. Лекин қабул квоталарининг ва унда ажратилган давлат грантларининг камлиги, тизимда ҳамон коррупция ҳолатларининг учраб турганлиги, ривожланган хорижий давлатлардаги каби таълим йўналишлари, таълим турларининг мавжуд эмаслиги, шиддат билан ривожланаётган даврда замон талабига мос, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, уларни иш билан таъминлаш каби муаммолар долзарб бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, замонавий таълим талабларига жавоб берадиган анъанавий ва замонавий ахборот технологияларини бирлаштирадиган электрон ахборот таълим муҳитини яратишга комплекс ёндашиш лозим.

Мурожаатдаги 2020-2021 ўқув йилида давлат грантлари икки барабор кўпайтирилиши, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши, олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилиши, олий таълим муассасаларига молиявий ва академик мустақиллик берилиши, ҳар бир олий таълим муассасаси нуфузли чет эл университети билан ҳамкорлик қилишини ташкил этиш юзасидан айтилган фикрлар юқорида таъкидланган муаммоларнинг ечими бўлади, деб ўйлайман.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 нафар зиёли олимлар, профессорлар ва тадқиқотчилар давлат гранти ҳисобидан хорижга малака ошириш учун юборилиши ва бу кейинчалик икки баробарга оширилиши таълимда хорижий илғор усулларни ўрганиш ва татбиқ этишда айни муддао бўлади.

Алишер ЭРНАЗАРОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти кафедра мудири.