Иссиқлик таъминоти: ҳам уй исийди, ҳам камхаражат бўлади

Самарқанд шаҳар аҳолисини иссиқлик билан таъминлаб келувчи РК-1 ва РК-2 қозонхоналари ишга туширилди. Бир неча йиллан буён Боғдод кўчасидаги қозонхона қурилиши давом этиб келаётган эди.

Фойдаланишга топширилиши бир неча бор ортга сурилган объект декабрь ойида ишга туширилди ва аҳоли хонадонларига иссиқлик узатила бошланди.

Президентимизнинг 2019 йил 2 декабрдаги “Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Самарқанд шаҳрида РК-1 марказий қозонхонасига янги 21 мVт қувватга эга бўлган 3 та автомат тизимли қозон, 95 та индувидуал иссиқлик пункти (ИИП) ва иссиқлик қувватини ҳисобловчи 80 та ускуна ўрнатилиб, 15,4 километр иссиқлик тармоғини янгилаш ва ҳудуддаги 92 та кўп хонадонли уй-жойларга узлуксиз иссиқлик таъминоти берилиши белгиланган эди.

- Қарор асосида иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш ҳамда аҳолини иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди, - дейди “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ бошлиғи Акбар Баҳриев. – Жумладан, декабрь ойида Самарқанд шаҳридаги иккита йирик қозонхона ишга туширилди. Ҳудудлардаги иссиқлик таъминоти тизими ҳолати ўрганилиб, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологиялар синовдан ўтказилгандан сўнггина аҳоли хонадонларига уланган тармоқларнинг ишлашига рухсат берилди.

Мазкур ишларни ўз зиммасига олган “Элит Гранд” МЧЖ қурувчилари томонидан 3 та қозон, 2 та трансформатор ўрнатилди. Қозонхонадаги турли қувватдаги 6 та насос ишга туширилди. Шунингдек, 3 та дудбўрон ўрнатилиб, монтаж ишлари бажарилди. Барча насослар сув тармоғига уланиб, иссиқлик ҳисоблагичлар ўрнатилди.

- Бир пайтлар мазкур қозонхона ёрдамида қарийб 25-30 минг аҳоли яшовчи хонадонлар иситилиб, иссиқ сув билан таъминланиб келинар эди, - дейди Рудакий кўчасидаги кўп қаватли уйда яшовчи меҳнат фахрийси Иван Ан. – Кейинчалик иссиқ сув келмай қолди. Бора-бора қишда уйларимиз ҳам исимайдиган бўлди. Бир неча бор шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилганимизда “Энди иссиқлик таъминоти бўлмайди, унга масъул ташкилот ҳам тугатилади, қишга тайёргарликларингни кўраверинглар”, деб жавоб беришганидан сўнг одамлар ўз квартирасидаги иссиқлик батареяларини олиб ташлади. Айни вақтда, электрга ва табиий газда ишлайдиган икки контурли печлардан фойдаланиб келяпмиз. Тўғри, харажати кўп, лекин бошқа иложимиз ҳам йўқ-да, уйни иситишимиз керак-ку, ахир?

Айни вақтда РК-1 қозонхонаси ёрдамида Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасидаги 102 ва Боғдод кўчасида 20-кўп қаватли уйларда жойлашган 76 та хонадонда яшовчи 250 нафар аҳолининг иссиқлик таъминоти қайта тикланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 15,4 километр иссиқлик қувурлари ётқизилиб, 91 та кўп қаватли уйнинг ертўласига индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилган. Тармоқларни аҳоли хонадонларига ўтказиш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда.

Қиш бошланиши билан шаҳардаги РК-2 марказий қозонхонаси ҳам ишга туширилди. Ҳозир Сартепа массивидаги 17 та кўп қаватли уйда жойлашган 680 та хонадоннинг иссиқлик таъминоти тикланди.

- Бир вақтлар эътиборсизлик қилиб квартирамиздаги барча иссиқлик батареялари ва қувурларини олиб ташлаган эканмиз, - дейди Абдурасул Ғофуров. – Энди таъминот бутунлай издан чиқди, қайтиб ишламаса керак деган хаёлда юрган эканмиз. Қишнинг қаҳратон кунларида яна иссиқлик қайтди. Янги, иссиқлик тежовчи замонавий батареялар ўрнатдик. Гап аҳилликда экан, уйимиздаги барча хонадон эгалари билан келишган ҳолда, қурувчиларнинг тармоқ ўтказишларига шароит яратиб бердик. Улар ертўлага индувидуал иссиқлик пункти ўрнатиб, дарров тизимни ишга туширишди. Электр ва газга ортиқча харажат қилмайдиган бўлдик.

Иссиқлик тизимлари тикланган хонадонларнинг эгалари айрим уйларда иситиш ва иссиқ сув таъминоти яхши эмаслиги, яъни иситиш радиаторларида ва сув олиш жойларида иссиқ сувнинг ҳарорати пастлигини айтмоқда. Улар уйни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлашда қандай меъёрлар белгилангани тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўрашди.

- Истеъмолчиларни иссиқ сув билан таъминлаш кеча-кундуз ва узлуксиз амалга оширилади, - дейди “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ бўлим бошлиғи Жамолиддин Ҳусанов. - Иситиш мавсумида 1995 йилгача қурилган кўп қаватли тураржой хоналаридаги ҳарорат камида 20 даража, агар иссиқлик тизими реконструкция қилинмаган бўлса, ҳарорат камида 18 даража бўлиши керак. Иссиқ сув таъминоти бўйича санитария қоидаларига мувофиқ сувнинг ҳарорати 50–75 даража иссиқ бўлиши керак. Айни вақтда ушбу замонавий қозонхоналаримиздаги ускуналар ана шу талабга жавоб беряпти. Марказлаштирилган иссиқлик таъминоти билан қамров имконияти бўлмаган ҳудудларда хонадонлар локал ва бошқа иситиш қурилмалари билан таъминланган. РК-2 марказий қозонхона тўлиқ ишга тушса, 386 та кўп қаватли уйга ва 22 та ижтимоий соҳа объектига хизмат кўрсатади.

Ёпиқ тизимга ўтиш орқали, истеъмолчи, кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи ташкилот ва иссиқлик таъминоти корхонаси ўртасида аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилади, чунки ҳар бир индивидуал иссиқлик пунктида ақлли ҳисоблагич ўрнатилади. Етказиб берилаётган иссиқлик энергиясининг миқдори, ҳарорати ва босими тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида қайд этиб борилади. ИИПнинг иситиш блокидаги насослар уй ички иситиш тизимидаги радиаторларда иссиқликнинг бир маромда айланишини таъминлаб, битта хона исиб, иккинчиси исимай қолиши бартараф этилади. Уйнинг сўнгги қаватидаги хонадонларда ҳам сутканинг исталган вақтида иссиқ сув жўмраги очилган заҳоти иссиқ сув тушишига эришилади. Натижада иссиқлик энергияси иқтисод қилиниб, ойлик тўловлар камайишига замин яратилади ва энергия ресурсларининг 7 фоиздан 10 фоизгача тежалишига эришилади.

Дилмурод Тўхтаев.