Қозонхона ва қувурлар эскиргани сабаб Сартепа, Микрорайон “А” , “Б”, Суғдиёнадаги турар жойларга иссиқ сув узатилмайди

Самарқанд вилояти ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари ҳамда турар жой биноларини иситиш мавсуми 15 октябрдан бошланди.

Аслида ҳам шу кунларда ҳаво ҳарорати салқинлиги учун иссиқлик ва иссиқ сувга талаб ошган. Хўш, Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий соҳа объектларида бу талаб нечоғлик қондириляпти? Бир неча йилдан буён ишламаган тизим жорий йилда ишлайдими?

- Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини август ойида бошлаганмиз, - дейди “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси раҳбари Ёқуб Қурбонов. – Хусусан, Самарқанд шаҳри бўйича 7 та янги насос ускунаси ўрнатилди. 5 та марказий ва 10 та маҳаллий қозонхонага эга 28 та қозон ва 32 та насос ускунаси ҳамда 810 метр иссиқлик тармоғи қувурлари жорий таъмирланди. Шунингдек, 683 метр қувурнинг 200 метр қисми алмаштирилди, қолганлари янгиланмоқда.

Айни пайтда корхонамиз томонидан Самарқанд шаҳридаги 2- ва 12-умумий ўрта таълим мактаби, болалар хирургияси шифохонаси, «Самарқанд халқаро аэропорти»га марказий ва локал қозонхона орқали иссиқлик ва иссиқ сув етказиляпти.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчасида жойлашган 30 та кўп қаватли уйнинг 1838 та хонадонини иссиқлик тизими билан таъминлаш мақсадида алоҳида локал қозонхона ўрнатилиб, тармоққа уланмоқда.

Самарқанд шаҳридаги қозонхоналар ва марказий қувурлар 1960-1980 йилларда қурилган, яъни тизим маънан эскирган. Шу боис, Сартепа, Микрорайон “А” , “Б”, Суғдиёнадаги объектлар ва турар жойларга жорий йил куз-қиш мавсумида иссиқлик ва иссиқ сув узатилмайди.

Кимёгарлар шаҳарчасидаги (29 даҳа) қозонхонани ишга тушириш бўйича техник топшириқ берилган. Бу ҳудуддаги 108 та кўп қаватли уйларга қишда иссиқлик ва иссиқ сув узатиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.