2067 та кўп қаватли уйдан 554 тасида иссиқлик бор: Аҳоли қачон совуқдан безмайди?

Вилоят ҳокимининг фармойишига асосан жорий йил 22 октябрдан ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли хонадонларини иситиш мавсуми бошланди.

Хўш, нима учун кўп қаватли уйларни иссиқлик билан таъминлашда камчиликлар учрамоқда?

Бугунги кунда вилоятимизда мавжуд 2067 та кўп қаватли уйларда 71 мингдан зиёд хонадон бўлиб, шундан 554 та кўп қаватли уйда жойлашган 20,5 мингга яқин хонадон иссиқлик таъминоти тизими билан таъминланган. Жумладан, 129 та кўп квартирали уй марказий ва локал қозонхоналар билан иситилса, 425 таси индивидуал икки контурли қозонлар орқали иситилади.

“Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси томонидан марказий иситиш тармоқлари ёрдамида Самарқанд шаҳридаги 19 та кўп қаватли уйда жойлашган 474 та хонадон, Нуробод туманида 97 та уйдаги 2544 та хонадон иситилади.

- Самарқанд шаҳридаги 1138 та кўп квартирали уйларнинг 301 тасида иссиқлик тизими бор, - дейди шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Фирдавс Маҳмадиёров. - Уларнинг 36 таси марказий ва локал қозонхона ёрдамида, 265 таси эса индувидуал икки контурли қозонлар орқали иситилмоқда. 837 та уйда истиқомат қилувчилар ўз хонадонларини иситишда турли тизимларидан фойдаланади. 

Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида корхонага 3 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Шунинг ҳисобидан 8 та иситиш қозони алмаштирилди. Жумладан, Университет хиёбони атрофидаги кўп қаватли уйларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида 800 метр, Ўзбекистон кўчасидаги 585 метр масофадаги магистраль қувурлар янгилангач, шу ҳудудда яшовчи қарийб 10 мингга яқин аҳолининг иссиқлик тизими ва иссиқ сув билан таъминланиш даражаси яхшиланди.  

- Президентимиз қарорига кўра, Самарқанд шаҳри иссиқлик тизимини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан ҳам, инвесторлар маблағлари ҳисобидан ҳам маблағ ажратилмоқда, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси етакчи мутахассиси Раҳим Аҳмедов. – Шаҳарнинг Рудакий кўчасидаги RK-1 қозонхонасини реконструкция қилиш мақсадида 64 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, уни таъмирлаш Туркиянинг «Гексан» компанияси қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Айни пайтда ишчилар эски, муддати ўтган 15 километр магистраль қувурларни замонавий, иссиқ сақловчи қопламага эга қувурларга алмаштирмоқда. Қозонхонанинг ўзига 3 та замонавий, энерготежовчи қозонлар ўрнатилиб, тармоққа уланмоқда. Лойиҳага кўра, реконструкция ишлари босқичма-босқич давом эттириляпти.

- 2019 йилда Самарқанд шаҳридаги РК-2 қозонхонасини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Бутунжаҳон банки томонидан 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган эди, - дейди Бутунжаҳон банкининг минтақавий координатори Ботир Исҳоқов. – Бироқ икки йилдан бери пандемия туфайли таъмирлаш-тиклаш ишлари ортга сурилиб келмоқда. Ҳозиргача аҳоли хонадонлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, иссиқлик тизимлари кўздан кечирилди. Энди қурилишни олиб борувчи компанияларни танлаб олиш учун тендер эълон қилинди. Босқичма-босқич шаҳардаги Сартепа, Сўғдиёна ва Микрорайоннинг «А» ва «Б» ҳудудида яшовчи 54 минг аҳоли иссиқлик билан таъминланади. Шунингдек, иккинчи босқичда учта 100 мегаваттлик қозонхона, 6,1 километр иссиқлик қувурлари, 61 дона индивидуал иссиқлик пунктлари қурилади. Лойиҳа бўйича реконструкция ишлари 2023 йилгача давом этади.

Лойиҳа координаторининг гапларига ишонгимиз келади. Бироқ, лойиҳа бошлангандан буён икки йилдан зиёд вақт ўтибди, наҳотки шунча вақт ичида гапиришга арзигулик ишлар бажарилмаган бўлса? Аҳоли хонадонларини ҳавойи гаплар билан иситиб бўлмайди-ку! Лойиҳа ишга тушишига яна икки йил бор экан, унгача аҳоли уйларини қайси йўл билан иситади?

Яна бир гап. «Иссиқлик манбаи» ДУКнинг инқироз ёқасига келиб қолганлигининг сабабларидан бири корхона мутасаддиларининг лаёқатсизлигидир. Бугунги кунда истеъмолчиларнинг корхонадан 4 миллиард 542 минг сўм қарзи бор экан. Бу тўловларни йиғиб олиш осон эмас. Чунки совуқ кунлари хонадони етарлича иситилмаса аҳоли тўловларни амалга оширмаслиги кундек аён.

Бироқ корхонанинг қарийб 775 миллион сўм табиий газдан, 286 миллион электр энергиясидан, 347,5 миллион сўм совуқ сув ва канализация тизимларидан, 200 миллион сўм давлат бюджетидан, жами 19,5 миллиард сўм қарзи мавжуд эканки, бу аҳолига хизмат кўрсатиш ҳолати қай даражада тушиб қолганидан далолат беради.

«Иссиқлик манбаи» ДУКга қарашли деярли барча қозонхоналардаги қозонлар, иситиш тармоқлари, сув қувурлари белгиланган 25 йиллик муддатини ўтаб бўлган. 50 йил давомида янгиланмаган қозонлар аллақачон эскирган.

- Корхонамизга қарашли 22 та иситиш қозонхонасининг 1 таси Нуробод шаҳрида жойлашган, - дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ҳамид Ҳасанов. – 10 та марказий, 12 та маҳаллий козонхоналарнинг ярмида иссиқлик тармоқлари эскириб, қозонлари ишдан чиққан. Марказий қозонхоналарнинг ҳам фаолияти тўхтатилган.

Йилнинг совуқ мавсуми ҳамма вақт ҳам синов бўлади. Куз-қиш мавсумининг беталафот ўтиши мавсумга қай даражада тайёргарлик кўрилишига боғлиқ.

 Дилмурод ТЎХТАЕВ.