Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълимдаги ислоҳотлар кўлами янада кенгаяди

Бугун нафақат юртдошларимизнинг, балки биз, халқ таълими соҳаси ходимларининг шодлигига сабаб бўлган энг муҳим воқеа - Юртбошимизнинг 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном бергани бўлди. Бу илм-фан, таълим соҳасига алоқадор барчамизнинг зиммамиздаги масъулият юкини яна бир неча карра оширди.

Мурожаатномада айтилган ҳар бир фикр, аниқ рақам ва мисоллар, қайд этилган муаммоли масалалар диққатимиз марказида бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлаганидек, “Таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва тўғри йўлдан адашиш бўлади... Таълимда қилган хатоларимизни тўғрилаш вақти келди”.

Ўтган 2019 йилда халқ таълими соҳасини ривожлантириш, ўқитувчи нуфузини ошириш, ўсиб келаётган авлодни интеллектуал салоҳиятли, замонавий билимларга эга қилиб тарбиялаш, билим бериш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди. Уларнинг барчаси босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиб, амалий натижаларга эришилмоқда.

Эндиликда бу борадаги амалий ишлар кўлами янада кенгайиб, соҳада меҳнат қилаётган ўқитувчилар учун моддий ва маънавий ғамхўрликнинг, ўқувчиларимизнинг таълим-тарбияси сифати ва самарадорлиги ортишида улкан қадамлар ташланади. Президентимизнинг “Мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юклама ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарур”, дея таъкидлагани фикримизни тасдиқлайди. Илк бор 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимининг жорий қилиниши, бунинг учун 130 миллард сўм маблағ ажатилиши, шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилиши соҳада амалга ошириладиган энг муҳим ислоҳотлардандир.

Бугунги кунда эътибор марказимизда бўлган умумтаълим мактаби ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичларининг йилдан-йилга оширилишига эришиш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилгани қувонарли. "Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз. Бу борада шуни унутмаслик керакки, олий таълим қамровини ошириш тўлов-контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарур", деди Юртбошимиз Мурожаатномада.

Дарҳақиқат, вилоятимиздаги 44 та таянч мактабларида PISA Халқаро тадқиқотларига тайёргарлик кўрилмоқда. Шунингдек, 30 га яқин мактабларимизда синов тариқасида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режани жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўқувчиларимизнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларидаги иштироки, эришаётган натижалари, ўқитувчиларимизнинг малака ва тажрибалари танқидий таҳлил этилиб, ўтган йиллар давомида йўл қўйиб келинган камчиликлар, ўзибўларчилик ҳолатларига барҳам бериш бўйича аниқ вазифаларни амалга оширяпмиз. Ушбу амалий чора-тадбирлар орқали Самарқанд вилояти халқ таълими тизимини республикамиздаги энг етакчи ўринларга кўтариш асосий мақсадимиздир.

Саидаҳмад УСМОНОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.