Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Теримчиларга қарийб 150 миллиард сўм пул тарқатилди

Самарқанд вилояти далаларида пахта терими давом этмоқда. Шу кунларда терим ишларида 56 минг 682 нафар уюшмаган аҳоли, фермер ва кластер корхонаси ишчиларидан 43 минг 365 нафари теримда катнашмоқда. Уларнинг ёрдами билан ҳозиргача 177 минг 596 тонна пахта хомашёси териб олинди. Пахта йиғим-теримида қатнашаётган теримчиларга 2020 йил 20 октябрь кунигача 149 миллиард 38 миллион 54 минг сўм терим пули тарқатилди.

Жумладан, Оқдарё туманида 200 дан ортиқ фермер хўжалиги жорий йилда 5761 гектар майдонда ғўза парваришлади. Фермер хўжаликлари етиштирган ҳосилни қисқа фурсатда йиғиб-териб олиш учун 157 та отряд шакллантирилди ва 9800 дан ортиқ теримчиларнинг меҳнати билан 20 октябргача 4360 гектардан ортиқ майдондан 12 минг 48 тоннадан ортиқ ҳосил териб олинди. Теримчиларга кунлик ва беш кунлик тартибда терим пуллари, иссиқ овқат ва чой ташкил этилган. Мавсумда иштирок этаётган отряд раҳбарларига 100 миллион сўм ва 20 октябргача теримчиларга жами 9 миллиард 74 миллион сўм терим пуллари тарқатилди.

Туманнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалласидаги 98 нафар хотин-қизлар 41 ва 43 отрядларга бириктирилган. Энг илғор теримчилар эса қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириб борилмоқда. 

- Мавсум бошлангандан буён ҳар куни теримда қатнашаяпман, - дейди илғор теримчи Гуландом Нафасова. – Кунига ўртача 180-190 килограмгача пахта тераман. 4 октябрдан буён 2,5 тоннадан ортиқ пахта тердим ва 2 миллион 500 минг сўм пул олдим. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Абилов илғор теримчилар қатори менга ҳам телевизор совға қилди. Бу янада ғайратимизни оширди.

Шу маҳаллада яшовчи Мушарраф Эргашева яқинда 60 ёшни қаршилайди.

- 16 йилдан буён теримда қатнашаман, пулга муҳтожликдан эмас уйда зерикмаслик учун ҳам далага ошиқаман, - дейди М. Эргашева. – Энг илғор теримчилар қатори менга ҳам телевизор совға қилишди. Бундай рағбат иштиёқимизни янада оширди. Энди мавсум якунигача пахта теримида қатнашмоқчиман.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.