Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТИВ Буюк Британиядаги ўзбекистонликларга мурожаат қилди

Ўзбекистоннинг Лондон шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга кўра, коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат туфайли Буюк Британиянинг Ички ишлар вазирлиги расмий порталида Бирлашган Қироллик ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқароларининг визаларини узайтириш бўйича янги қоидаларни жойлаштирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Саёҳат чекловлари туфайли Буюк Британияни тарк эта олмаётган ва мамлакатда қолиш учун рухсатнома муддатлари тугаётган Ўзбекистон фуқароларинг визалари 2020 йил 31 майга қадар узайтирилади.

Бунинг учун Буюк Британия Иммиграция хизмати билан CIH@homeoffice.gov.uk электрон почтаси орқали боғланиб, ўзингиз ҳақингизда зарур маълумотларни (тўлиқ исмингиз, фуқаролигингиз, олдинги визангиз рақами) беришингиз ҳамда мазкур мамлакатдан ҳозирда чиқиб кета олмаётганингиз сабабини қисқача тушунтириб беришингиз керак (масалан, чегараларнинг ёпиқлиги). Аризачига мурожаат қабул қилинганлиги ва визани узайтирилганлиги ҳақида тасдиқнома юборилади.

Шунингдек, 31 майга қадар Буюк Британияни тарк этмасдан туриб мазкур давлатда узоқ муддатли яшаш рухсатномасини олиш учун онлайн мурожаат этишингиз ҳам мумкин. Бундай ҳолда ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ўзгармайди ва стандарт тўловни амалга ошириш талаб этилади.