Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Товуқ боққан, туяқуш ҳам боқади

Тадбиркорлик билан шуғулланишга бел боғлаган аёлларга Пайариқ тумани хотин-қизлар қўмитаси томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Бундай эътибордан пайариқлик бекалар ҳам бенасиб қолмади.

– Туяқуш боқиш учун 25 миллион сўм имтиёзли кредит олишга қарор қилдим, – дейди тумандаги Баҳор маҳалласида яшовчи тадбиркор Наргиза Умирова. – Айрим таниш-билишларим “Қўлингдан келадиган ишни қилсанг бўлмайдими, туяқуш ҳам боқасанми?”, дейишди. Бу гапларга парво ҳам қилмадим, аксинча, олдимга қатъий мақсад қўйдим “Нега товуқ боққан одам туяқуш боқолмас экан, бошқалар бу ишнинг уддасидан чиқяптими, мен ҳам қила оламан”, деб 16 та туяқуш жўжаларини олиб келиб парваришлай бошладим.

Яширмайман, жўжаларининг иккитаси нобуд бўлди. Қолганини яхши парваришлаяпмиз. Уч киши шу иш билан доимий машғул. Айтганимдек, товуқ боққан одам бемалол туяқуш ҳам боқар экан. Махсус ем, беда, сабзи, қизил лавлаги, карам каби маҳсулотлар билан озиқлантираяпмиз.

Ҳозирда туяқушларни боқиш учун жой масаласида озроқ қийналаяпман. Ҳовлимиз торлик қилиб қолди. Бу ҳақда туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Масала ҳал бўлса, нур устига нур бўларди.

Наргиза опа жой масаласида ёрдам берилса, йил охиригача яна 50 та туяқуш жўжаси олиб келишни режалаштирмоқда.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.