Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тойлоқдаги ўзбошимчалик билан дарахт кесиш ҳолати ўрганилди ва фуқарога нисбатан жарима қўлланилди

2020 йил 14 январь куни фуқаро Тангиров Ғайбуллонинг Zarnews сайтига қилган мурожаати юзасидан 2020 йил 12 январь куни Тойлоқ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бош мутахассиси Ш.Аззамов томонидан ҳолатлар жойига бориб ўрганилган.

Маълум бўлишича, ҳолат Тойлоқ тумани Хўжа юз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан бир туп чинор дарахти кесилиши ҳолати бўйича маҳалла фуқаролар йиғини  раиси А.Сиддиқов, туман ИИБ профилактика инспектори Ж.Раҳматуллаевлар иштирокида ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам Хўжа юз қишлоқ патранаж пунктининг ҳудудида ўсиб турган 1 (бир) туп, диаметри 76 сантиметр бўлган чинор дарахтини ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Фaррух Худойбердиев томонидан рухсатсиз, ноқонуний равишда кесилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ф.Худойбердиевга нисбатан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси ҳамда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддаси 1-қисми  ҳамда  49- ва 51-моддалари талабини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий қарор чиқарилди ва 1115000 (бир миллион бир юз ўн беш) минг сўм жарима қўлланилди. Табиатга етказилган 45 715 000 (қирқ беш миллион етти юз ўн беш минг) сўм зарар ҳисобланиб, фуқаро Ф.Худойбердиев қўлланилган жаримани 15 кун муддат ичида ихтиёрий равишда тўламаса, мажбурий тартибда ундириш учун ҳужжатлар МИБ туман бўлимига юборилади.

Аниқланган 45 715 000 (қирқ беш миллион етти юз ўн беш) минг сўм зарар бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига тақдим қилинади.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.