Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ура! Дарслар бошланди...

Бу 3-синфда ўқийдиган қизимнинг хурсандчилиги. Доим уни дарс қилишга қизиқмайди, деб ўйлардим. Адашган эканман. Телевизор орқали онлайн дарслар бошланишини эшитиб, хурсандчилигидан бақириб юборди.

- Аяжон, эрталаб соат 6.00 да уйғотинг. Дарсга кеч қолмай. Тайёргарлик ҳам кўришим керак.

Мийиғимда кулиб қўя қолдим. Лекин чин дилдан хурсанд эдим.

Эрталаб соат саккизда уйғониб бироз ранжиди. Кейин дарси соат 11.30 да бошланишини эшитиб, китобларини тайёрлай бошлади. National Geography Wild телеканали орқали дарслар бошланди. Дастлаб биринчи, иккинчи ўзбек ва рус синфлари учун болаларга сабоқ берилди. Ҳар бир дарс оралиғида топишмоқлар, видеороликлар намойиш этилди. Эътиборлиси, дарслар сурдо таржима ёрдамида ўтилаётгани эди. Демак, барча болалар эътиборда. Соат 11.00 да 3-синфлар учун дарслар бошланди.

Биринчи дарс: Ўқиш.

Ўқиш китобидан жаҳон болалар адабиёти саҳифасини очдик. Телеўқитувчи жаҳон болалар адабиёти рукни остида Эрих Распе қаламига мансуб “Мюнхаузеннинг бошидан кечирганлари” асаридаги дастлабки  “Ойга биринчи саёҳат” ҳикоясини ифодали ўқиб берди. Кейин болажонлар тушуниши қийинроқ бўлган жумлаларга алоҳида урғу қаратди ва мазмунини тушунтирди.

Уйга вазифа сифатида ўзбек халқ эртаклари орасида ушбу воқеага ўхшаш ҳикоя борлиги, ҳикояни қайта ўқиш ва сарлавҳа топиш юклатилди.

Иккинчи дарс: Математика.

Математика дарсида “Бир хил махражли касрларни қўшиш” мавзуси ўқитувчи томонидан атрофлича мисоллар билан тушунтирилди. Бир махражли касрларнинг фақатгина сурати қўшилиши, махражи ўзи ёзилиши геометрик шакллардан фойдаланган ҳолда болаларга ўргатилди. Синф учун бажарилиши лозим бўлган мисолларни намуна тарзида бир-иккитасининг ечими кўрсатилди. Уйга вазифа белгиланиб, унга ҳам тушунча берилди.

Қизим билан эътибор билан дарсларни эшитдик. Сўнгра бажаришга киришдик. Ўқитувчи айтганидек, синф учун берилган машқларни дарҳол ечиб кўрсатди. Уйга вазифаларни ҳам биргаликда бажардик. Ўқиш китобидаги ҳикояни ифодали ўқиб, қизим “бошланиши “шолғом эртаги”га ўхшаб кетаркан”, деган хулосага келди.

Дарс машғулотлари кутилгандан ажойиб ўтди. Буни қизимнинг юзидаги мамнуниятдан, машқларни ўзи бажарганидан, асосийси мавзуни телеэкран орқали ҳам яхши тушунганидан билдим. “Аяжон дарс зўр ўтди-а?”. Бу унинг иқрори эди.

Бугунги вазият биз, ота-оналардан ҳам катта масъулиятни, фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши, уларнинг келажагига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор беришимизни талаб қилади. Шунингдек, давлатимиз томонидан яратилаётган имконият ва шароитлардан тўғри фойдаланиб, фарзандларимизни дасрларга ўз вақтида жалб қилишимиз, уларнинг тушунмаганини тушунтиришимиз, қилган вазифаларини текшириб,  назорат қилишимиз, бажарган машқларини рағбатлантиришимиз ва албатта, яратилган имкониятлар қадрига етишимиз лозим.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.