Самарқандда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаган ўқитувчига интизомий жазо чораси қўлланилди

Жорий йилнинг 15 апрель куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 35-умумтаълим мактабининг 9-“Б” синф ўқувчиси Н.А.нинг отаси Д.А. томонидан мактабнинг информатика фани ўқитувчиси М.Ж.нинг 9-“Б” синф ўқувчилари иштирокидаги телеграм гуруҳида педагогик этикага мос келмайдиган сўзлардан фойдаланаётгани тўғрисида шикоят қилгани акс этган маълумот тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходимлари ҳамда бўлим тасарруфидаги 35-умумтаълим мактаби директори З.Салахова иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда мактабда жами 63 та синф бўлиб, уларнинг барчасида телеграм ижтимоий тармоғида синф раҳбарлари ва ота-оналар иштирокида гуруҳлар тузилган. Шунингдек, мактабдаги баъзи ўқитувчилар ўзи дарс бераётган фанлардан синфлардаги ўқувчилар билимини баҳолаб боришда қулайлигини инобатга олиб, алоҳида гуруҳлар ташкил этган.

Жумладан, мактабда 2019 йилда иш фаолиятини бошлаган, айни пайтда ўқувчиларга информатика фанидан дарс бериб келаётган М.Ж. ҳам ўз фанидан 9-синфлар учун худди шундай телеграмда ўқувчилар иштирокида гуруҳ ташкил этган.

Масофадан фаолияти давомида ўқитувчи М.Ж. 9-“Б” синф учун ташкил этган телеграм гуруҳидаги ўқувчилар билан муносабатида одоб-ахлоқ қоидалари ва педагогик этикага риоя қилмаган.

Ўрганиш ишлари давомида фаолиятида бундай хато ва камчиликларга йўл қўйган М.Ж.га тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда унга меҳнат қонунчилигига мувофиқ интизомий жазо чораси қўлланилди.

Ўқитувчи М.Ж.нинг хатти-ҳаракатидан норози бўлган Д.А. билан телефон орқали боғланиб, ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ишлар бўйича маълумот берилди. Мулоқот давомида Д.А. ҳолат юзасидан бошқа эътирози йўқлигини билдирди.

Мактаб ўқитувчиларининг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокидаги телеграм гуруҳларда масофадан олиб борилаётган фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслиги бўйича огоҳлантирилди.

Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 80 та умумтаълим мактабларида директор ҳамда ўқитувчиларнинг масофадан таълим-тарбия жараёнларини ташкил этишда бу каби камчиликларга йўл қўймаслиги, тизимда қатъий назорат олиб бориши бўйича топшириқлар берилди.