Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутликларни чув туширган сохта “Маҳалла" хайрия жамоат фонди ходими ушланди

Холдор Шавқиев (исм-фамилия ўзгартирилган) 2019 йил январь ойининг бошида ўзини Самарқанд вилояти "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ходими дея таништириб, Ургут тумани Жарқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаролардан давлат томонидан белгиланган дастурга биноан ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган оилаларга уй-рўзғор, маиший техника жиҳозлари: телевизор, музлаткич, кир ювиш машинаси, газ баллони кабиларни арзон баҳоларда етказиб бериш билан ишонтириб, жами 3 миллион 950 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Бу билан қаноатланмаган Холдор туманнинг Мирзоқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаролардан 5 миллион 850 минг сўм пулни ҳам худди шу йўл билан олади. Бели оғримай топилган пул энди уни янада “катта иш”ларга ундайди.

У 2019 йилнинг март, апрель ойларида Ургут тумани Совғон маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқароларга ўзини “Ургут туман ногиронлик жамияти” ва  “Қизил ярим ой жамияти” ходими эканини айтиб, жами 23 миллион 350 минг сўм пулни қўлга киритади. Бу орада ўрамасликлар ҳам унинг тузоғига илинди. Ушбу маҳаллада яшовчи фуқаролардан жами 1 миллион 750 минг сўм пулларни олиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.

Унга алданаётган фуқароларни соддаликда, ишонувчанликда, ундан бирор ҳужжат талаб қилмаганликда айблаш мумкиндир. Аммо Ургут тумани Сойғўс маҳалласи фуқаролар йиғини раиси ҳам унинг алдовларига лаққа ишонганига нима дейсиз?  Ўзини “Маҳалла жамоа хайрия фонди” ходимиман, деб таништирган Х.Шавқиев унга ҳам ногиронлар ва кам таъминланган оилаларга арзон нархда газ баллони етказиб беришини айтиб, фуқаролардан йиғилган жами 13 миллион 400 минг сўм пулни шахсий мақсадларида ишлатиб юборди. 

Ўзи кутганидан-да кўп маблағни қўлга киритаётган Холдорнинг нафси ҳакалак отаверди. У фирибгарлик йўли билан шу йўсинда тумандаги тахминан ўттиз учта маҳаллада яшовчи беш юзга яқин фуқароларнинг пулларини ўзлаштирди. 

Аммо ваъда қилинган маиший жиҳозлардан дарак бўлавермагач, алданганини билган фуқаролар фирибгарнинг устидан арз қилди.

  Албатта, ўзганинг мол-мулкини ноқонуний ўзлаштиришни мақсад қилган ҳар қандай киши эртами-кечми қонун олдида жавоб беради. Аммо нотаниш бўлган одамга пешона тери билан топган пулини қўш-қўллаб топшираётган кишилар ҳам бироз хушёр бўлишлари керак эмасми, деб ўйлаб қоласан киши.

   Мана шундай воқеаларнинг жамиятимизда тез-тез такрорланиб тургани одамларда ҳуқуқий саводхонликнинг етарли даражада эмаслигидан дарак бериб турибди. Акс ҳолда Х.Шавқиев катта миқдордаги пулни бу даражада осон ва тез қўлга киритмаган бўларди. 

  Судда Х.Шавқиев барча қилмишларига иқрор бўлди. Унга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо тайинланди. 

А.АҲМАДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Ургут тумани суди судьяси.