Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уруш қатнашчиси Бектемир бобо: Меҳр-оқибатни унутмасак, ҳар қандай муаммога ечим топилади

Уруш. Бу сўзни эшитган ҳар қандай кишининг эти жимирлаб кетади. Тинч-тотув ҳаёт ҳар қандай неъматдан аъло. Бугунги таҳликали давр ҳам тинчликнинг, хотиржамликнинг нечоғлик буюк неъмат эканлигини яна бир бор англатмоқда. Навқирон йигитлик даврини жанггоҳларда қон кечиб, ҳар бир сонияда ўлим билан тўқнашган уруш фахрийси Бектемир бобо Қаршибоевнинг бошидан ўтказганлари биз учун эртакдек туюлади. Аммо бу ҳақиқат. Навқирон йигитнинг етти йиллик умри тинчлик, хотиржамликка эришиш йўлида ўтди.

Турмуш ўртоғи Баҳор момо билан 70 йилдан буён аҳил-иноқ яшаб, тўрт ўғилни вояга етказиб, бугун 13 невара, 9 эваранинг суюкли бобоси бўлиб, кексалик гаштини сураётган Бектемир бобо Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонини эшитиб, кўнгли ғурурга тўлди.

– Президентимизга раҳмат, бизни доим қўллаб-қувватлаб, кўнглимизни тоғдек кўтариб туради, – дейди Бектемир бобо. – Кеча шу фармонни эшитиб, кўнглим юмшаб кетди. Чунки бугун бутун дунё, жумладан, бизнинг халқимиз учун ҳам синовли бўлган бир пайтда биз, уруш қатнашчиларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани эътиборли. Бу дунё шундай синовли экан. Бундай дамларда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатни унутмаслик керак. Барча бирдек курашса, ҳар қандай муаммога ечим топилади, ҳар қандай ёв енгилади. Кампирим билан тун-у кун дуодамиз. Илоҳим, юртимиз тинч-осойишта бўлсин!

Бектемир Қаршибоев 1924 йилда Булунғур туманида туғилган. 1942 йил сентябрь ойида фронтга сафарбар этилган. Уруш якунлангандан кейин ҳам икки йил хизмат қилиб, 1949 йил май ойида она-Ватанига қайтади.

Уруш даврида ички ишлар полкида хизмат қилган Бектемир бобонинг кейинги ҳаёти ҳам шу тизимда ўтди. Пенсияга чиққунига қадар, 1979 йилгача ички ишлар идораларида турли вазифаларда меҳнат қилган.

Алишер ИСРОИЛОВ.