Самарқандда 43 нафар уруш қатнашчисига пул мукофоти берилади
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 мартда қабул қилинган фармонига кўра, бу йил мамлакатимиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. Айни пайтда нафақат оила аъзолари, балки элимизнинг эътиборида бўлган самарқандлик 43 нафар уруш қатнашчиларига ғалабанинг 75 йиллиги арафасида ушбу мукофотлар тантанали тақдим этилади.
– Бугунги кунда вилоятимизда ҳаёт кечираётган 23 нафар Иккинчи жаҳон уруши ногирони, 19 нафар иштирокчи ва 1 нафар концлагерда бўлган юртдошимиз ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда, – дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи А.Раҳимов. – Уларнинг пенсия ва нафақалари ўз вақтида етказиб бериляпти. Бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бериладиган пул мукофотларини тантанали, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида топшириш кўзда тутилган.
Инсониятни фашизм балосидан қутқариш учун ўзини аямай, жанг майдонларида қон кечган, кўплаб машаққатли синовларни бошидан кечирган фахрийларимиз ҳар қанча ҳурмат ва эҳтиромга муносиб. Бугун уларнинг барчаси улуғ ёшда. Аммо уларнинг кексалик ёки уруш асоратлари сабаб мустақил ҳаракатланиши қийин. Ана шундай пайтда уларнинг кўзига нур, эгилган қаддига суянч бўлиш сизу бизнинг инсоний бурчимиз.