Сизнинг жасоратингиз унутилмайди

Самарқандда ҳам Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 77 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Инсоният учун жуда катта азоб-уқубатларга сабаб бўлган Иккинчи жаҳон урушида 152 мингдан ортиқ самарқандликлар иштирок этган. Уларнинг 73 минг нафарига она юртига қайтиб келиш насиб этмади. Бугунги кунда вилоятда 13 нафар уруш қатнашчиси давлатимиз ва халқимиз эътибор, ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечирмоқда.

Байрам муносабати билан вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ушбу фахрийларни йўқлаб бориб, улардан ҳол-аҳвол сўрамоқда.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов Марказий ҳарбий округ қўмондони А.Саидов ва бошқа масъуллар билан бирга Самарқанд шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Фазлиддин Аслиддинов, Михаил Колмагоров, фашистлар концлагери тутқуни София Погребова ҳамда Самарқанд туманида истиқомат қилувчи Аҳад Очилов хонадонида бўлди.

Э.Турдимов Иккинчи жаҳон урушида қон кечиб, тинчлик учун курашган ва урушдан кейин юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фахрийларга Президентимиз йўллаган табрик хатини ўқиб берди. Давлатимиз раҳбари фармонига кўра, уларга 15 миллион сўмдан пул мукофоти, эсдалик совғалари ҳамда байрам туҳфалари тақдим этилди.

1924 йилда туғилган Фазлиддин Аслиддинов шаҳарнинг Мотрид массивида ўсди. Педагогика билим юртини битириб, мактабда болаларга сабоқ берди. Машъум уруш бошлангач, 1942-1945 йилларда фронтда бўлди.

Урушдан қайтгач, Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўқиб, шу ерда илмий фаолият билан шуғулланди, аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида хизмат қилди.

– Инсон учун энг катта бойлик – тинчлик ва тани-сиҳатлик, – дейди Фазлиддин бобо. – Яратганга шукр, бугун юртимизда ана шу икки масалага жуда катта эътибор қаратилмоқда. Давлат томонидан нимаики зарур бўлса, муҳайё этиляпти. Албатта, бунинг қадрига етиш керак. Биз, фахрийларга бўлган эътибордан бошимиз кўкка етади. Байрамларда совға-саломлар йўллайдиган Президентимиздан, йўқлаб келадиган раҳбарлардан миннатдормиз.

Боғи Темур маҳалласида яшовчи София Погребованинг ҳаёти 1981 йилдан Самарқанд билан боғланган. Шаҳардаги “8 март” фабрикасида меҳнат қилган онахон бугун маҳалланинг, элнинг ҳурмат-эҳтиромида. Онахон хонадонига йўқлаб келган раҳбарларга миннатдорлик билдирди.

Вилоятдаги бошқа сектор раҳбарлари, туманлар ҳокимлари ҳам уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табриклади.