Иккинчи жаҳон уруши фахрийси аччиқ хотираларини сўзлаб берди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази ҳарбийлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бектемир бобо Қаршибоевга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида хонадонга ташриф буюриб, отахоннинг ҳолидан хабар олишди.

Бектемир бобо 1924 йил Булунғур туманида туғилган. 1942 йил 18 ёшида немис фашистларига қарши курашиш, Ватанни ҳимоя қилиш учун фронтга юборилган.

– Фронтга сафарбар этилган миллионлаб алп йигитлар жанг майдонларида ҳалок бўлди, бедарак йўқолди, айримлари турли даражадаги жароҳатлар билан яқинлари бағрига қайтди. Мен ҳам жанг майдонида бошимдан ниҳоятда оғир ва суронли дамларни ўтказдим. Беш маротаба танамнинг турли жойларидан жароҳат ҳамда бош миямдан контузия олганман, – дейди Бектемир бобо.

Бектемир бобони кўнглини хушнуд этиш учун Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси ва қашқадарёлик оддий аскар Акром бахши томонидан куй-қўшиқлари ижро этилди. Бир гуруҳ ҳарбийлар томонидан нуронийнинг яшаш хонадонидаги томорқа ерлар юмшатилди, ҳовли атрофи ва ариқлар тозаланиб, ободонлаштирилди.

Бектемир бобо каби уруш фахрийларининг аччиқ хотиралари билан танишар экансиз, тинчлик учун жонини фидо қилган Ватан ўғлонларини шарафлаб, яна бир карра тинчлик ва осойишталик учун Яратганга шукрона келтирасиз.