Уруш қаҳрамонлари ҳақида янги сайт яратилди

«Ўзархив» агентлиги Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари хотирасига бағишланган Xotira.archive.uz сайтини ишга туширди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур веб-сайт Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 75 йиллиги олдидан фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқи қўшган муносиб ҳиссага бағишлаб яратилган.

Ушбу веб-сайтни давлат архивларига келиб тушаётган архив ҳужжатлари билан доимий бойитиб, такомиллаштириб бориш режалаштирилган.

Айни пайтда сайтда агентликнинг архивидан олинган «Уруш қаҳрамонлари» ҳақидаги маълумотлар, «Фото-галерея» ҳамда «Ҳужжатлар» қисмида Иккинчи жаҳон урушидан аскарларнинг мактублари, шу даврдаги газета парчалари ва бир қатор муҳим ҳужжатлар мавжуд.

Сайтнинг «Халқ хотираси» қисми Россиянинг Pamyat-naroda.ru веб-сайтига йўналади. Унда ҳар бир киши урушда иштирок этган аждодларининг (ота-она, бува-буви) исми-шарифини киритиб, уларнинг жанговар ҳаёт йўли (қачон урушга юборилган, қайси фронт чизиғида хизмат қилгани, мукофотлари) ҳақида маълумотларга эга бўлиши мумкин.