Эл корига яраганлар ўз даврида ҳам, вақт ўтгандан кейин ҳам қадрланади

Айни пайтда Самарқанд вилоятида 28 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, совға-саломлар улашилмоқда.
- Шукрки, юртимиз тинч-осуда. Шу сабаб, хонадонларимиз файзли, обод, - дейди Иштихон тумани Шейхларкент маҳалласида яшовчи 98 ёшли Бердирасул Аминов. - Уруш йилларидаги очарчилик, суронли кунлар, ўтмишнинг машаққатларини эсласам, бугунги фаровон турмушимизга кўз тегмасин, дейман.

Биз, уруш фахрийларига давлатимиз раҳбарининг фармони билан пул мукофоти белгилангани инсон қадри, унинг меҳнати, фидойилиги юртимизда эътиборсиз қолмаслигига ёрқин мисол, деб ўйлайман. Туман ва вилоят мутасаддиларининг келиб хабар олиб тургани, ёшларнинг ғамхўрлиги кўнглимни тоғдек кўтармоқда.

- Собиқ иттифоқ умумий уйимиз, деб онгимизга сингдирилган даврлар эди, - дейди нарпайлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Зият Бўронов. - Ўша машъум 22 июндан кейин ҳар бир юртдошимизнинг ороми йўқолди. Бугун айтсангиз, эртакка ўхшайди - йигитлар жангга отланди, ўқ ёмғири остида урушни тугатишга киришди.

Басма-бас жанггоҳларга кетаётган норғул ўғлонлар, кўп ўтмай улардан келган қора хат ёки айримларнинг номаълум бўлиб кетиши оналар ва вафода тенгсиз ёрларнинг дилига қайғу соларди. Ўша дамларда гўё кун ва тун қоришиб кетганди...

Ҳа, ўша давр воқеликлари ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатидан сабоқ чиқаришга ундайди. Жумладан, катта давлатлар ўртасида дунёни, улкан табиий ресурсларга бой ўлкаларни тақсимлаш “ўйин”лари ҳали-ҳануз тингани йўқ. Ҳар бир тўнтариш, низо ва можаро ортида у ёки бу давлатни мутеликка қайтаришга интилиш ётибди.

Шунинг ўзиёқ маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш масаласи бугун янада долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатиб турибди. Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам авваламбор, униб-ўсиб келаётган ёшларнинг қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

- Ёшлар маънавиятини юксалтиришда амалий мисоллар муҳим аҳамиятга эга, - дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Фарҳод Назаров. – Шу маънода Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари босиб ўтган йўл ўғил-қизларимизга ҳақиқий ватанпарвар инсон қандай бўлишига мисол бўла олади.

Бу борада Президентимиз яқинда қабул қилган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатлар асосида вилоятимизнинг барча гўшасида уруш ҳамда меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.

Ҳа, кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Хонадонларимиз файзи бўлган кексалар ҳолидан хабар олиш, оғирини енгил қилиш нафақат фарзандлик бурчимиз, балки жамият ишига айланди.

Ё.Гадоев.