Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ушла-ушла...

Салима опанинг ойлигини олгач, қилажак ишлари ҳақидаги ширин ўйлари ҳисобчи олиб қолган пулдан сўнг барҳам топа бошлади. 

-  Нега олиб қоляпсиз? Сабабини айтасизми?

-  Бориб раҳбарлардан сўранг, шундай топшириқ беришган.

-  Бориб сўрайманам! Ҳар доим шунақа. Бор-йўғи тўрт юз минг оламан. Эрта тонгдан кечгача, ёзда чангга, қишда лойга ботиб ишласам...

-  Эртароқ келиш керак-да ишга бунақа иддао қилмасдан.

-  Ие! Қачон кеч келибман?! - қизиша бошлади Салима опа.

-  Бир кун кеч келгансиз. Огоҳлантиргандим, эсингиздами?

-  Сабабини айтгандим-ку сизга.

-  Қоида ҳамма учун баравар, опа. Кеч келдингизми, шу. Ойликдан ўчирилади. Буни мен ўйлаб топмаганман.

-  Ўша куни сиз ҳам мен билан бир вақтда келгандингиз, ўзингиздан ҳам ушладингизми?

-  Бошимни қотирманг! Айбингизни тан олмасликни ўрнига туғилган кун учун эллик минг беринг.

-  Қанақа туғилган кун?!

-  Келинойининг туғилган кунлари-чи?! “Нур” ресторанида ўтиргандик. 

-  Ҳай, сабил! Шуни айтсаларингиз бўлмайдими? Ордона қолгур ресторанга бормасдим.

-  Коллективдан ажраб-а?

-  Борсам ҳам бир кийим гирбешинми, подхрустал идишми олиб борардим. Ҳарқалай эллик минг бўлмасди.

-  Келинойининг совғангизга куни қолмаган. Бу пулга ўзингиз еб-ичдингиз-е!

-  Вой, шўри-им! Эллик мингни ресторанда ўтириб еб-ичвордимми? Болаларим шўрликларнинг ризқини қийибман-ку. Ҳой, менга қаранг! Уни хўжайиннинг ўзи кўтармапмиди? Хотинининг юбилейи эдику ахир.

-  Билмайман. Менга харажатни ҳаммага бўлиб юбор деганлар.

Салима опа бўшаша бошлади.

-  Раҳбар ҳам шунақа бўладими?

-  Саволингизга жавоб олишни истасангиз ўзларига учрашинг. Менга айтишди, қилаяпман. Қилмасам ўзимнинг ойлигимдан кетади.

-  Яна бордир унда ушла-ушлаларингиздан? – кесатди Салима опа.

-  Ҳа, шу ойда иккита туғилган кун бор. Йигирма беш мингдан. Кейин хоналарга  парда тиктирамиз. Янги йил байрамида хўжайин ваъда берганди эсингиздами пардаларни янгилаймиз деб?

-  Менинг хонам бўлмаса, пардани бошимга ураманми?

-  Ҳамма хона сизники-ку! – иршайди ҳисобчи.  -  Ҳаммасига кириб чиқишдек бахт сиздан бошқага насиб қилмаган. Ҳатто хўжайин ҳам сиздан “Опа, кирсам бўладими? Тозалаб бўлдингизми?” деб сўрайди.

-  “Бир дақиқа, Темир Пўлатович, битта стул қолди, шуни тозалаб юборай”, деган кунларим учун ҳам “штраф” бордир унда, а?!

-  Қизишманг, опа. Менда нима айб. Ўз вақтида бажарилмагани учун деб... кўп эмас, опа, озроқ ушлаб қол, дегандилар. У кишини биласизку, жуда тартибли инсон.

-  Қанча?

-  Қирқ минггина.

Салима опа қўлидаги чўғи учиб бораётган пулларни столга қўйди:

-  Нимага қанчадан олишинг керак бўлса, ўшаларни ол-да, қолганини бер.

-  Ҳазиллашмаяпсизми, опа?

-  Йўқ. Битта қоғоз билан ручкага етса бўлди қолгани.

-  Шуларни ҳам сотиб олиб ўтирасизми. Ўзим бериб тураман. Расходга киритиб қўйсам, келаси ойликдан берарсиз.

Салима опанинг тоби қочиб, мувозанатини йўқота бошлади. Қўлини чўзиб “Ушла... ” деди зўрға. Ҳисобчи ҳам қўлини чўзди, лекин пулларни ушлашга улгурмади...

Аслиддин.