Самарқандда 8 миллиард сўмдан кўпроқ пул ноқонуний сарфланишининг олди олинди: Бу қай тарзда амалга оширилди?
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатли, амалдаги тартибларга мос бўлишида юридик хизмат кўрсатиш марказларинг алоҳида ўрни бор.
Чунки, бугунги кунда туман (шаҳар)даги марказлар 2 минг 334 та давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг 1 минг 262 таси умумтаълим мактаблари, 743 таси давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 54 таси тиббиёт муассасалари ҳамда 275 таси бошқа давлат органлари ва ташкилотларидир. 2022 йил давомида марказларга 215 минг 984 та буйруқ ва 88 минг 281 та шартнома лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган.
Мазкур хужжатларнинг 84 фоизи ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 184 дан ортиқ буйруқ ҳамда 73 мингдан зиёд шартнома лойиҳаларига ижобий хулосалар берилган.
Шунингдек, 16 фоизи (29 770 та буйруқ ва 16 160 та шартнома) белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги сабабли салбий хулоса берилган ва рад этилган.
Лўнда қилиб айтганда, 45 минг 930 та қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик ҳужжат лойиҳаларининг амалиётга тадбиқ этилиши, марказларга давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юборилган 1 минг 181 та фуқаролик шартномалар лойиҳаларига салбий хулоса берилиб, 8 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағларининг ноқонуний сарфланишининг олди олинди.
Шу каби амалиёт натижасида юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарор ва буйруқлар қабул қилиниши камайишига эришилмоқда. Бироқ бу юридик хизмат кўрсатиш марказларининг ташкил этилишидан кўзланган мақсадга эришиш йўлида барча ишлар бажарилганлигини англатмайди.
Шундан келиб чиқиб, “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизими имкониятларидан тўғри фойдаланиш, хусусан, давлат органлари ва ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатишни таъминлаш, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириб боришга қаратилган тарғибот ишлари, семинарлар ташкил қилинмоқда. Уларда давлат ташкилотларида юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ маълумот ва жараёнларни электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш имконини берувчи “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизимининг қулайликлари, давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўз вақтида самарали ҳимоя қилиниши, давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний, ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш учун эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар тушунтириб борилмоқда.
Сирожиддин Мамаражабов,
вилоят адлия бошқармаси ходими.