Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вазирларнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган илк учрашувига доир

Жорий йил 12-13 январь кунлари Самарқанд шаҳрида "Ҳиндистон – Марказий Осиё" мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокида илк учрашуви бўлиб ўтади.

Унда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Мухтор Тлеуберди, шунингдек, Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний иштирок этади.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини оширишга кўмаклашиш, транспорт ва логистикани ривожлантириш, саноат, энергетика, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларига инвестициялар, инновация ва технологиялар жалб қилиш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, маданият, илм-фан, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Вазирларнинг биринчи учрашуви якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилиниши кўзда тутилган.

ЎзА.