Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Харид чекини талаб қилиб бюджетга ҳисса қўшинг!

Ижтимоий тармоқда Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорларига, ХТБ тизимидаги барча мактаб директорларига ўз қўл остидаги ўқитувчиларга савдо чекларини йиғишни буюриш топшириғи берилгани ҳақида хабар тарқалибди. «Хабар қилинишича, эндиликда ўқитувчилар ёқилғи қуйиш шохобчалари ёки дўконларга бориб, нақд пул берган харидорларга ёки кассирга ялиниб, 2 минг сўмдан ёки 5 минг сўмдан 10 та чек урдириб олишмоқда» дейилган хабарда.

Бу акция нафақат Самарқандда, балки бутун республикада солиқ тўлови қамровини кенгайтириш мақсадида ўтказилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси веб-сайтида ҳам бу ҳақда маълумот бор. Энг фаол тарғиботчилар рағбатлантирилмоқда. Ушбу тадбир доирасида вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг 850 нафар фаол ёшларидан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, улар савдо комплекслари, бозорлар, аҳоли гавжум жойларда, жамоат транспортида аҳолига флаерлар тарқатиш баробарида харид чекини олишнинг аҳамияти ҳақида ҳам тушунчалар беришмоқда. Мақсад аҳолининг ҳуқуқий онгини ривожлантириш, тадбиркорларни қонуний ишлашга ўргатиш.            

Ҳар бир фуқаро ўзининг жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириши учун амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаслиги, уларнинг аҳамиятини тушуниб етиши учун ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Вилоятдаги барча ташкилотларда ишловчи ходимлар ой давомида амалга оширган харидларининг чекларини ташкилотларида ўрнатилган махсус қутичаларга  йиғишдан мақсад уларнинг истеъмолчи сифатидаги масъулиятини ошириш, холос. Ҳеч кимга “бугун мана шунча чек олиб келасан”, деган режа қўйилмаган. Ўқитувчилар бировларнинг чекини йиғиб юрибди, дея иддоа қилишлари ҳам мантиққа тўғри келмайди. Ҳар бир фуқаро жамиятнинг энг фаол аъзоси сифатида  ўзлари  амалга оширган харидлари учун чекларни талаб қилиб олсалар, бюджетга ўз ҳиссаларини қўшсалар мақсадга муофиқ бўларди.

Ижтимоий тармоқда қолдирилган мулоҳазаларда харид чеки билан  боғлиқ лоторея ўйини ташкил қилишни, онлайн назорат касса машинасини тезроқ жорий қилишни маслаҳат  берганлар ҳам учрайди.

        Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2019 йил 1 октябрдан ютуқли ўйин жамғармасини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варағи очилади ҳамда унга савдо ва хизмат кўрсатиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналаридан ундириладиган солиқ тўловлари (қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, ягона солиқ тўлови) суммасининг 0,1 фоизи йўналтирилиши таклиф этилмоқда.                                   

Эслатиб ўтамиз, онлайн назорат-касса машинасидан фойдаланиш айни пайтда мажбурий характерга эга бўлмаса-да, 2020 йилдан барча савдо ва хизмат шохобчаларида ундан фойдаланиш қатъий белгиланиши мумкин.

Шу ўринда “Харид чекини талаб қилиб олинг!” тарғибот тадбири мурожаатномасидан парча келтириб ўтмоқчимиз :

Хўш, харид чекини олиш шу қадар муҳимми?

Албатта. Бу юртимиз ва юртдошларимиз фаровонлигини, она диёримиз ижтимоий-иқтисодий юксалишини таъминлашда жуда муҳим аҳамият касб этади. Савдо-сотиқ муносабатларида харид чекларини талаб қилиб олиш, фуқаролик бурчингизни бажариш билан бирга маблағларни банкдан ташқари ноқонуний айланишини олдини олган бўласиз. Кирим қилинган маблағ корхонанинг тушуми сифатида давлат бюджетига солиқ тўловлари ундирилади. Бу эса иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам харид чекини талаб қилиб олиш ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда аҳамиятлидир. ”

Ушбу тадбир эзгу мақсадларга қаратилган. Ҳеч бир соҳа ходими харид чеки йиғишга мажбурланаётгани йўқ. Аслида ҳар бир фуқаро харид чекини талаб қилиб олиш орқали давлат бюджетига ўз ҳиссаларини қўшаётганликларини унутмасликлари лозим.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси,

Матбуот хизмати.