Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хўжаликларнинг хизмат кўрсатувчи банклардаги ҳисобрақамларига инкассо топшириқномалари қўйилиши автоматлашган тизимда амалга оширилади

Жорий йилнинг 28 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Пахтачи тумани фермерлари номидан “Фермерлар: меҳнатимиз роҳатини кўрамиз, деб хурсанд бўлган эдик. Афсуски, чучварани хом санаган эканмиз” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Ушбу мақола юзасидан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари белгилашини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланиши ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шартлиги ҳамда пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши белгиланган.

Солиқ кодексига асосан қишлоқ хўжалиги корхоналари 2020 йил 1 январдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар ҳисобланиши, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан сувдан фойдаланиш жойидаги солиқ органларига 2020 йил учун жорий солиқ даврининг 15 декабрь кунига қадар белгиланган ставкаларидан келиб чиқиб, ҳисобот тақдим этилиши ва шу муддатдан кечиктирмай тўловларни амалга ошириши белгиланган.

Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон фармонига асосан қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилиб, ер усти сув ресурслари манбалари бўйича 70 сўм, ер ости сув ресурслари манбалари учун 85 сўм қилиб белгиланган.

Президентининг 2020 йил 29 августдаги ПҚ-4816-сон қарорига асосан балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан фойдаланилган сувнинг ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмини аниқлаш имкони бўлмаганда, солиқ базаси амалдаги сув истеъмол қилиш нормативларининг 50 фоизи миқдорида камайтирилган тартибда қўлланилиши белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқни тўлаш ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар — йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи, ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар — солиқнинг қолган суммаси ҳамда сув ресурсларида фойдаланганлик учун солиқлар бўйича жойлашган жойидаги солиқ органларига 2020 йил учун жорий солиқ даврининг 15 декабрдан кечиктирмай тўловларни амалга ошириши белгиланган.

Шунга асосан жорий йилнинг 15 декабрида амалга оширилган ҳисоб-китоблар натижасида бюджет ва мақсадли жамғармалардан ҳосил бўлган қарздорликлар учун электрон тарзда хўжаликларнинг хизмат кўрсатувчи банклардаги ҳисобрақамларига инкассо топшириқномалари қўйилиши автоматлашган тизимда амалга оширилади.

Пахтачи тумани давлат солиқ инспекцияси.