Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотин-қизлар бандлигига нега панжа орасидан қаралмоқда?

Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш белгиланган эди.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 майдаги “Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг 2019 йил 31 майдаги буйруғи ижросини таъминлаш юзасидан аҳоли зич жойлашган қишлоқ жойларда хотин-қизларни иш билан таъминлаш юзасидан вилоятда “Samarqand-Baraka-Chevarlari” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Ушбу жамият орқали 2019-2021 йиллар давомида вилоятнинг 14 туманида 28 та енгил конструкцияли тикув цехлари қурилиши белгиланган. Жумладан, 2019 йилда 3 та (Пайариқ, Қўшработ ва Ургут) туманларида тикувчилик цехлари ташкил этилади. Бугунги кунда Пайариқ тумани Фидокор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида енгил конструкцияли тикув цехи қуриб битказилди. Аммо цехни юқори кучланишли электр тармоғига улашни туман ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳозиргача пайсалга солмоқда.

Қўшработ, Ургут туманларида ҳам енгил конструкцияли тикув цехи қурилиши ишлари якунланган. Лекин ҳанузга қадар мазкур корхоналар ўз фаолиятини бошламаган.

Ҳукумат қарори бўйича 2019 йилнинг учинчи чорагида Нарпай тумани Тепа маҳалласида 300 нафар ишчи ўринли тикувчилик цехи ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори бўлса-да, қурилиш ишлари ҳанузгача бошланмаган.

Хўш, минглаб оилаларни иш билан таъминлаш каби муҳим вазифани кўзда тутган мазкур корхоналар нега ҳалигача иш бошламаган? Нега бу вазифаларга ҳамон панжа орасидан қаралмоқда?

Гулруҳ МЎМИНОВА.