Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг муҳим жиҳатлари нималарда кўринади?

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги ўзгаришлар аввало, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириб, қарама-қаршиликлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

Унда ҳавола қилинган нормалар, қонуности ҳужжатларини максимал даражада камайтирган ҳолда тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат сифатида қабул қилинади. Шу боис лойиҳада барча солиқлар бўйича ставкалар белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада Солиқ кодексининг амалдаги тузилмаси сақланиб қолган бўлиб, уни умумий ва махсус қисмларга ажратиш кўзда тутилган. Уларда солиқ маъмуриятчилиги ҳамда солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари каби масалалар ўрин олган. Унда нафақат солиқ тўловчиларнинг, балки солиқ органларининг жавобгарлигини оширган ҳолда ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ шакллантирилган. Назорат тартиблари соддалаштирилиб, солиқ текширувлари турлари 13 тадан 3 тагача қисқартирилмоқда.

Солиқ кодексининг янги таҳририда солиқлар ва йиғимларнинг сони, турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимларини оптималлаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан, солиқларнинг 9 тури кўзда тутилмоқда.

Кичик корхоналар (товар айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган) учун айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақлаб қолинмоқда. Давлат божлари, айрим турдаги товарлар билан савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар (алкоголли маҳсулотлар) ва ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонус каби тўлов турлари Солиқ кодексидан чиқариб ташланмоқда.

Бундан ташқари, кодекс лойиҳасида солиқ органларининг қонунга хилоф равишда қўшимча солиқлар ҳисоблагани ёки молиявий санкциялар қўллангани, тадбиркорлик субъектлари томонидан ортиқча тўланган солиқлар суммалари ўз вақтида қайтарилмагани учун жавобгарлиги оширилмоқда.

Давлат солиқ хизмати органлари билан солиқ тўловчиларнинг ўзаро муносабатларини жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янада яхшилаш кўзда тутилмоқда. Бу йўлда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига солиқ назоратининг шакллари ва механизмлари такомиллаштириляпти. Ўз навбатида, мазкур амалий чора-тадбирлар инсофли солиқ тўловчиларга ёрдам бериш, асосийси, “хуфиёна” фаолият кўрсатадиган субъектларни аниқлашга хизмат қилади.

Э.ҲУСАНОВ,

Жомбой тумани Давлат солиқ инспекцияси ходими.