Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йилнинг сўнгги ойида қандай об-ҳаво кузатилади?

Декабрь қиш фаслининг биринчи ойи бўлса ҳам энг совуқ давр ҳисобланмайди, деб хабар берди "Ўзгидромет".

Ой давомида совуқ ва иссиқ тўлқинлар одатда 1-2 марта кузатилади. Яъни, 1 ёки 2 та кучли совуқ ва 1 ёки 2 та худди шундай иссиқлик тўлқинлари юзага келиши мумкин. Ҳаво сезиларли совиганда кўпинча декабрь ойларида минимал ҳарорат 11-16 даража савуққача тушади.

Илиқ ёки меъёрий декабрларда ҳарорат 0-5 даража совуқ бўлиши мумкин. Иссиқ тўлқинлар кузатилганда ҳавонинг максимал ҳарорати 14-19 даража илиққача, айрим ҳолатларда эса 22-27 даражагача кўтарилиши мумкин.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, бутун метеорологик кузатувлар даврида Тошкентда энг совуқ декабрь ойларида тунда ҳарорат 20-23 даража совуқ бўлган. 1930 йил декабрь ойида эса 27-29 даража совуққача тушгани қайд этилган.

Охирги 10 йил ичида Тошкентда 2011, 2012 йилларда декабрь ойида энг паст ҳарорат 13 даража совуқни ташкил қилган бўлса, шу ойдаги энг юқори ҳарорат (2012, 2013, 2016 йилларда) 23 даража иссиққача кўтарилган.

Дастлабки баҳоларга кўра, бу йилги декабрь ҳарорат кўрсаткичлари бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда.

Ой давомида ҳароратнинг кечаси 0-5 даража совуқдан 2-7 даража илиққача, кундузи 0-5 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республикамизнинг шимолида тунда 8-10 даража совуқ бўлиши мумкин. Ойнинг иккинчи ярмида эса 12-15 даража совуқ бўлиши мумкин.

Декабрда ёғингарчилик ёмғир-қор кўринишида бўлади. Ўзбекистон бўйича ёғингарчиликли кунлар ўртача 5 кундан 13 кунгача ташкил қилиши мумкин. Бир кеча-кундузда максимал ёғинлар миқдори суткалик меъёрдан анча кўп бўлиши мумкин. Охирги 10 йил ичида намгарчилик кўп бўлган декабрлар 2013, 2016, 2019 йилларда қайд этилган. Масалан, 2019 йил 22 декабрда максимал суткалик ёғинлар миқдори Тошкентда 34 миллиметрни ташкил қилган.

Бу йилги декабрда ойлик ёғинлар миқдори меъёр атрофида, айрим жойларда меъёрдан юқори, шимолда эса айрим жойларда меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда (Тошкентда декабрь ойи учун ёғинлар 59 миллиметрни ташкил қилади). Ёғингарчилик ой давомида вақти-вақти билан кузатилади.