Техник туз захираси йилда бир марта ёғадиган қор учун ҳам етмайдими?
Афтидан, бугун эрталаб кўпчилик, ишга қатнашда автобус ва такси муаммосига учраган кўринади. Бир неча танишларим телефонда ҳам ишга кела олмагани айтгач, йўлнинг ҳолатини сўрадим, йўллар музлама эканини айтяпти.
Айни вақтда Самарқанд шаҳар кўчаларида аксарият йўлларда туз сепилгани сабаб ҳаракатланиш осонроқ. Аммо туманларнинг ҳаммасида ҳам бундай бўлмаганга ўхшайди. Хусусан, Ургут, Паст Дарғом туманлари, Самарқанд шаҳрининг чеккароқ ҳудудларидаги танишларим эрталаб йўлда қийналганини айтди.
Ўзим Тойлоқ туманидан Самарқанд шаҳрига келдим. Қизиғи, Тойлоқда марказий йўлларда тўлиқ туз сепилган. Аммо "Боқий шаҳар" мажмуаси яқинидан шаҳарга ўтиладиган кўприкка машинада чиқиш осон бўлмади – йўлга ҳеч нарса сепилмаган. Умуман, эрталаб мана шу, Уста Умар Жўрақуловдай обод кўчада бугун ҳам, кеча ҳам ҳеч нарса сепилмагани мени ҳайрон қолдирди. Бундай музлама бўлиб қолган кўчалар умид қиламанки шаҳарда кам.
Сўнгги қордан кейин йўллар бўйича музламалар учун “сариқ қум” захирасини қилиш яна эсга олина бошланди. Фикримча, бунга ҳожат йўқ. Чунки йилда, афсуски, бир ё икки марта қор ёғмоқда ва атиги шу учун йил бўйи йўллар ёқасида тупроқ уюми ётиши унчалик ҳам ёқимли эмас. Қолаверса, унинг ярми ёйилиб, йўқ бўлиб ҳам кетади. Модомики, қор ёғиши энди бизда камёб экан, махсус базаларда туз ва “сариқ қум” захирасини қилиб қўйиш ва қор ёққан кунлари сепиб чиқиш керак. Бунга техникаларни жалб қилиш озгина муаммо демаса, йўллар ёқасини тўлдиришдан осонроқ.