Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йўлдаги "гурунг"

Бекатдаман. Йўловчи машиналарнинг тўхташига умидвор бўлиб, қўл кўтардим. Оппоқ "Ласетти" ёнимга секинлаб келди-да, рулдаги ёшгина йигитча "Қаерга борасиз", деди.

Мен манзилни айтдим. Йўлкира ҳақини келишдик. Йигитчанинг ўзини тутиши, машина салонини дид билан безатгани тузуккина оиланинг фарзанди эканидан далолат бериб турарди. Ўзимча э қандай бахтли болалар-а, муштдайининг ҳам тагида машина. Бир пайтлар велосипед олиб минишгаям кучимиз етмасди, деб ўйладим. Тўғрида, зап замонларда яшаган эканмиз, одамлар ёши қирқ-элликка яқинлашай деганда бир амаллаб машинали бўларди. Бир маҳаллада нари борса, битта ёки иккита автомашинали оила бўларди. Энди-чи, Худога минг қатла шукрки, битта оилада, ҳатто икки-учтадан машина бор...

Ҳайдовчи йигитнинг қўл телефони мусиқа чалиб, хаёлларимни тўзғитиб юборди. У телефонни қўлига олиб, назар ташлагач, нималардир деб ғўлдиради. Сўнг:

- Ҳа, нима дейсиз, - деди жаҳл билан. Бирпас у ёқдаги одамнинг (аёл кишининг) гапини тинглади-ю, баттар тутоқиб кетди: - Эй, ая, жонга тегдингиз. Кўчадаман, ҳозир бораман шу уйингизга!

Йигитча телефон тугмачасини босиб, ёнидаги ўриндиққа итқитаркан:

- Кўраяпсиз, рулдаман, - деди менга ўгирилиб. -Аммо, аям "постоянни" нервимга тегиб телефон қилади. Рулдасан, кўзингга қара, ҳушёр бўл, ичма, дейди.

Нима, мен ёш боламанми, ақл ўргатади?!

- Она-да, рулдасиз, хавотир олади, дедим мен.

- Йўқ, - деди йигитча. - Бизнинг "мамаша" нервга ўйнайди, нервга. Чунки, машина уларнинг пулига келганда.

Ўша лаҳзада юлдузни бенарвон урадиган бу йигитчага нисбатан қалбимда тўлиб тошган ҳавас ҳислари бир зумда тумандек тарқади. Унинг шундай автомашинада керилиб юриши ҳам омонат, бир лаҳзалик роҳатдек туюлди, менга.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.