Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Юз йил яшашга дастури бор аёл

 (Каттақўрғон туманидаги “Кумуш тола” хусусий корхонаси директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи Марям Ниёзова ҳақида очерк)

Марямхон китоб ўқишга ҳам вақт топади. Одамга умид берадиган, енгилмасликка чорлайдиган асарларни ўқишни яхши кўради. У мадад оладиган қаҳрамонлар Бибихоним, Қурмонхон додҳо, Тўмарис момо, у севиб ўқийдиган асарларни Нодирабегим, Зулфия, Ҳалима Худойбердиевалар ёзган. Албатта, ижод оламида даҳолар кўп, уларни кучи етгунча ўқийди. Китоблар ичидан бобосининг, момосининг дуоларини, ота-онасининг насиҳатлари давомини топиб ўқийди.

Каттақўрғон тумани мактаб ўқувчилари Марямхон билан учрашишни истайдилар. Опа ўзини жон қулоғи билан тинглайдиган, кўзлари ёниб турган ёшларга жасоратнинг йўли ҳақида ҳикоя қилиб беради. У кирган давраларга шиддат, орзу, завқ кириб келади...

Марямхоннинг отаси ҳайдовчи(таксичи), онаси уй бекаси эди. Улар оилада ўн уч фарзанд эди, беш қиз, саккиз ўғил. Отаси одамларни манзилига етказиб қўйиб, топган ҳалол пули эвазига, онаси ўн уч фарзандини аллалаб, оқ ювиб, оқ тарашдан вақт орттириб, пишириқлар пишириб, болалар кийимлари тикиб топган, машаққатли меҳнати эвазига оиладаги ўн етти жонни боқар эдилар.

Кексалар Марямни Ниёзмамат (отасининг отаси)бобосига ўхшатишади. У киши тадбиркор, тиришқоқ, изланувчан, одамларга меҳрибон эдилар. Қатағон йилларида Кавказга сургун қилинган.

Катта ҳовлида ҳеч ким тиниб турмас, ҳаммага иш топилар эди. Марям мактабни битиргач, Тошкент тўқимачилик институтининг “Тўқимачилик материалшунослиги” факультетини имтиёзли диплом билан битирди. Тиришқоқ, изланишдан чарчамайдиган қизни домлалари институтда олиб қолишди. Икки йиллик илмий изланишлар давомида ўзининг юртидаги пахта заводига амалиёт ўташ учун келди-ю қайноқ меҳнат қучоғидан айрилолмай қолди.

Каттақўрғон пахта заводида ўттиз йил меҳнат қилди, бўлим бошлиқлигидан директор ўринбосарлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Катта жамоа уни ҳали бери нафақага қўйиб юбормоқчи эмас эди...

Марямнинг қонида ишбилармонлиги учун қулоқ бўлган Ниёзмамат бобосининг армонлари, ташкилотчилиги каби мерос туйғулар кезарди. Нафақага чиқиб, турмуш ўртоғи Номоз ака билан гапни бир жойга қўйди. “Кумуш тола” корхонасига асос солди. Уйда боқилаётган ҳамма молларини, “Нексия” машинасини сотди. 350 минг сўм пул билан иш бошлади. 2000 йилга бир ҳафта қолганда, ҳужжатлар тайёр бўлди.

Дастлаб, етти-саккиз киши билан иш бошлади. Марям уларга режаларини тушунтирди, ишонтирди. Турмуш ўртоғи ускуналарни ўрнатишда ёрдам берди. Дўстлар анча ойлар текинга ҳам ишлаб беришди. Ягона транспорти эрининг кажавали мотоцикли қолган эди.

Бизнес-режа тузиб, давлатдан уч йил муддатга, 3 миллион сўм кредит олишди. Кредитни узиш пайтида 15 миллион сўм пулим бўлади, деди-ю гапидан ўзи ҳам ҳайратга тушди. 2003 йил БААга 37 000 АҚШ долларига ипак толаси сотилди. Ижарага турган бинони сотиб олишди. Салондан янги «Нексия»ни миниб чиқишди.

***

Марям кўринишидан жиддий, вазмин аёлга ўхшайди. Ичидаги тўфонларни сездирмайди. Минбарларда ҳам босиқлик билан гап бошлайди-ю натижасини рақамлар билан тугатади.

Рақамлар билан ўқувчини зериктирмоқчи эмасману, айтмасам бўлмайди-да. Бугунга келиб, “Кумуш тола“ хусусий корхонасида 150 киши меҳнат қилади. Беш минг киши мавсумий (бу йил яна кўпаяди) ишлайди. Шунча оиланинг ейишга нони, кийишга кийими бор дегани бу! Рўзғорнинг катталигини қаранг! Оилада 17 нафар кишининг бир дастурхонда жамланган пайтларида бугунги ишларга асос солингандир балки. У 2014 -2019 йилларда туман ва вилоят Кенгашига депутат бўлиб сайланди. Халқининг дардига дармон бўлди.

Марям Ниязова халқаро кўргазмаларда қатнашиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот экспортини кўпайтиришга эришган тадбиркор раҳбар. У бошчилигида корхона 2017 йилда 580 минг АҚШ доллари миқдорида, 2018 йил 1 миллион 630 минг, 2019 йил 1 миллион 934 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди. 2017 йил республика “Тадбиркор аёл уюшмаси”нинг “Энг яхши экспортёр аёл” номинацияси бўйича биринчи даражали дипломи билан тақдирланди.

[Переслано от Akram Aka]

2019 йилда корхона томонидан Қозоқовул қишлоғи ҳудудидаги собиқ ипак йигирув цехи ўрнида маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, савдо мажмуалари ва 30 ўринли меҳмонхона қурилиб фойдаланишга топширилди.

Сир эмас, пиллачилик ўз нуфузини йўқотиб, табиий, экологик тоза, ипак толаларга талаб ва эътибор йўқолган, одамлар сунъий толалардан тўқилган инсон организми учун зарарли кийимларга ўргана бошлаган эди. Марямхон кумуш толанинг обрўйини тиклади. Бор маблағини тикди. Мана натижаларни кўриб турибсиз. Бу корхонада алдов йўқ, хиёнат йўқ. Ҳамма иш очиқ-ойдин, жамоанинг кўз ўнгида рўй беради.

Марямхон ишчиларини болаларини қўриқлаган лочин каби қаттиқ қўриқлади-ю аммо ўзи беморланиб қолди. Одамлардан ўн кунга узоқлашди. Калавасининг учини йўқотиб қўйган ипакчига ўхшаб қолди, ўзиям. Одамларига, юксак ғояларига жон томирлари билан уланган экан. Ишини, ҳаммаслакларини жуда яхши кўрар экан.

Гоҳо, «Опа тузалиб кетдингизми», деган қўнғироқлар бўлиб қолади. «Тузалдим, касал бўлишга ҳаққим йўқ, яна юз йил яшашга дастурим бор», дейди жилмайиб.

Аслида, унинг барча дастурларини амалга ошириш учун минг йиллар ҳам етмайди. Қолаверса, ўзига ўхшаган меҳнатсевар фарзандлари ҳам орзулар юкини опа билан тенг елкалашади. Бир-биридан ширин етти нафар набиралари онгига ҳам меҳнатсеварлик, изланиш, илм олиш руҳи сингдирилган. Марямхоннинг фикру ғояларини бир нигоҳидан англайдиган ёрдамчиси Роҳилахон Шомуродова ҳамиша ёнида ҳозиру нозир.

Қад тиклаётган иморатларга ёндош ерда бир гектарлик иссиқхона қурилмоқда. Эрта-индин ишга тушаман деб турибди.

– Неча марта қарз олдингиз, давлатдан.

– 14 ёки 15 марта бордир.

– Ҳаммасини уздингизми?

– Ҳаммасини уздим.

– Қўрқмайсизми, бунча катта миқдордаги қарзлардан?

– Қўрқмайман.

Режалар аниқ, юрак катта бўлса, йигирма йил мобайнида давлатга, одамларга кимлигини исботлаб берган бўлса, нимадан қўрқади, бу аёл! Марямга, Фозил Зоҳиддан ёд олган мисраларни айтиб бердим:

Мен йўлбарсдан қўрқмайман,

Чумолидан қўрқаман.

Айбим не, эздинг деган

Саволидан қўрқаман.

Одамийдан қўрқмайман,

Нокасликдан қўрқаман.

Қўрқит мени, Худойим,

Қўрқмасликдан қўрқаман.

– Менинг кўнглимдагини топиб ёзибдилар, – деди Марямхон.

Ҳа, айтганча, янги бошқарув биносининг пештоқига Алишер Навоийнинг ҳикматли сўзлари катта қилиб, ўчмайдиган қилиб ёзиб қўймоқчи:

Тухум ерга тушиб чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқми,

Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!

Мен бундан ортиқ нима ҳам дердим? Кўз ўнгимизда жонидан кечиб, кумуш толалар бераётган оддий ипак қуртининг ҳаёти ҳаммамиз учун ибрат!

Хосият БОБОМУРОДОВА,

шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.