Эркинжон ТУРДИМОВ: Китоб битмас-туганмас хазина, билим манбаи! Энг яхши китобхон оилага ”Spark” автомобили берилади
Вилоят ҳокими 30 март куни Қўшработ туманидаги ўзи таҳсил олган мактабларга китоб совға қилиб келганидан сўнг бу тадбир ҳақида ўз таассуротларини ижтимоий тармоқларда баён этди.
“Сўнгги йилларда аксарият ёшлар китоб ўқишга қизиқмай қўйгани рост гап. Улар кўпроқ интернетдан маълумотлар излашга, янгиликларни ҳам онлайн тарзда топиб ўқишга, телефон орқали турли ўйинлар, суратлар, видеолар кўришга мойил.
Бунинг салбий таъсири ёшлар тарбияси, одоб-ахлоқи, маънавиятида зарарли из қолдириши мумкин.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшларимизни китобга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини барча юртдошларимиз қатори, мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Чунки китоб битмас-туганмас хазина, билим манбаи.
Бугун ўзим таҳсил олган Қўшработ туманидаги 64-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, 64, 41 ва 19-мактаб китобхон ўқувчиларига китоб совға қилдим. Ўқувчи ёшлар билан учрашиб, китоб ўқиган одам ҳеч қачон хор бўлмаслигини, китобхон қаҳрамонлардек юксак интилишлари билан бирга яшаши, ҳаётда қийналганида, тушкунликка тушганида ушбу қаҳрамонлар каби иш тутиб, машаққатларни енга олиши ҳақидаги фикрларимни билдирдим. Ўз навбатида ўқувчилар ҳам мутолаа қилган асарлари, хулосалари ҳақида йиғилганларга сўзлаб беришди. Ижодкор ёшлар ўз ижод намуналаридан парчалар келтириб ўтишди.
Фарзандларимизнинг билим олишга бўлган иштиёқи, китобга бўлган меҳри қанчалар кучли бўлса, уларнинг маданияти, маънавияти ҳам тобора юксалиб бораверади.
Кўпгина ота-оналар боласига китоб ўқиб бериш учун алоҳида вақт ажратади, бироқ, ҳаммада ҳам бундай эмас. Иложи борича, болага доимо бир вақтда китоб ўқиб бериш лозим, шундагина улар шу пайтни интиқлик билан кутишади. Ўқитиш эса интизом талаб қилади. Агар бола буни хотиржамлик билан қабул қилса демак, бу яхши фойда беради. Китоб уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиради, тасаввур қилиш қобилиятини ўстиради, иқтидорини ривожлантиради.
Биз, ёши катталар китоб болаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш билан бирга тарбия қилишнинг энг яхши усули ҳисобланишини унутмаслигимиз лозим. Маънавиятни бойитишда китобнинг ўрни беқиёсдир. Шу боис барча ёши катталарга мурожаат қилиб, ёшларимизни китоб ўқишга қайтариш борасида ўз муносиб ҳиссасини қўшишга даъват этамиз. Вилоятда китобсеварлар сафини кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокимлиги қуйидаги номинациялар бўйича танлов эълон қилади:
- Вилоятдаги энг яхши китобхон оила - ғолиб оилага мукофот “Спарк” автомобили;
- Энг яхши китобхон мактаб (16 та биринчи ўрин) – ҳар бир шаҳар ва тумандан биринчи ўринни эгаллаган мактабга 100 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти (жами 1,6 миллиард сўм);
- Энг яхши китобхон маҳалла (16 та биринчи ўрин) – ҳар бир шаҳар ва тумандан биринчи ўринни эгаллаган маҳалла фуқаролар йиғинига 100 миллион сўмдан пул мукофоти (жами 1,6 миллиард сўм).
Танлов шартлари ҳақида батафсил маълумотларни бериб борамиз. Сайтимизни кузатиб боринг.