Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги хиёбонга нега китоб жавони ўрнатилганди? Жавоннинг бўм-бўшлиги ҳақида изоҳ берилди

Бугун Zarnews.uz телеграм каналида КУН ФОТОСИ рукнида “Мана бир неча кун ўтган бўлсада, Самарқанд шаҳридаги Кўк сарой хиёбонига ўрнатилган жавон ҳали ҳам бўм-бўш. Мазкур китоб жавони нима мақсадда қўйилган?” деб изоҳ берилганди.

Хиёбонда бўм-бўш турган китоб жавони юзасидан Миллий гвардия вилоят бўлими изоҳ берди.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусининг 4-йўналиши ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида 2019 йил 26 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдони ва Алишер Навоий номидаги истироҳат боғ ҳудудига китоб жавонлари ўрнатган. Ушбу китоб жавонларига турли хил бадиий китоблар қўйилган. Мақсад – жавонда турган китобларни ёшлар бўш вақтида олиб ўқиб, яна жойига қўйиб кетиши керак бўлган.

Аммо бугунги кунгача ҳамшаҳарларимиз томонидан жавондаги китоблар олиб кетилган ҳамда қайтарилмаган. Кўк сарой майдонидаги жавонга икки марта Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ҳудудидаги жавонга эса уч марта 200 га яқин китоб қўйилган. Китобларни ўғирлатмаслик мақсадида келгусида мазкур жавонларга тўлиқ видео кузатув ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган.

"Ҳурматли фуқаролар! Ушбу жавонлардаги китоблар уйда ўқиш учун эмас, балки китоб жавони ёнидаги ўриндиқларда ўтириб, ўқиб бўлгач яна жойига қайтариб қўйиш учундир. Зеро, сиздан бошқа фуқаролар ҳам ушбу китобни ўқиш иштиёқида юрганини унутманг", дейилади изоҳда.