Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар кўрсаткичи бўйича Самарқанд охирги ўринда

Ўзбекистон Республикаси умумтаълим муассасаларининг миллий рейтингида математикадан ёзма иш бўйича ҳудудлар кесимида натижалар эълон қилинди.

Унга кўра, Самарқанд вилояти охиридан иккинчи ўринни эгаллаган.

Шунингдек, она тилидан диктант бўйича ҳудудлар кесимида натижаларда ҳам вилоятимиз айни шу натижани банд этган.

Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар кўрсаткичи бўйича вилоятга охирги бўлиш насиб қилган.

Эътиборлиси, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар кўрсаткичи бўйича ТОП 20 та мактаб орасида Жомбой туманидаги 20-умумтаълим мактаби 13-ўринда қайд этилган.

Вилоятдаги туманлар ўртасида энг яхши кўрсаткич Каттақўрғон шаҳрига тегишли (60,65 балл). Энг қуйида эса Пайариқ тумани (33,19).

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўтказган рейтингда қатнашадиган мактабларнинг сонини аниқлашда нуфузли PISA, TIMSS ва PIRLS каби халқаро агентликлар тажрибалари ўрганилиб, умумий мактаблар сонининг 10 фоизи миқдори белгиланган.

Халқ таълими вазирлиги ва унинг тасарруфидаги вилоят ҳамда туманлар бўлимлари тавсиялари асосида шакллантирилган рўйхатга Самарқанд вилоятидаги 121 та мактаб киритилган.

Инспекция сайтида рейтингни аниқлаш жараёнида юзага келган ҳолатлар ва бошқа масалалар ҳам ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Самарқанд вилояти вакиллари ушбу рейтингда салбий натижани қайд қилгани учун жиддий танқид қилинганди.