Жаҳонга ўзлигин фахр эта олган, оддий ўзбекларнинг Самарқандисан!
Шукур Содиқ 1959 йилда Нуробод туманининг Жарқудуқ қишлоғида туғилган. Жарқудуқ ўша пайтлари Нарпай туманига қарашли эди.
Шукур мактабда ўқиб юрган давридаёқ фикри теран, адабиётга ҳавасманд йигитча эди. У қалбан Нарпайга, Ислом шоир Назар ўғлининг адабий меросига, унинг ворисларидан бири - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Отаёрга интилиб турарди.
Эсимда, Отаёр аканинг Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги хонадонига Шукурни қишлоқнинг кайвониларидан бири - Думан ака деган оқсоқол етаклаб келганди. Отаёр ака унинг бола қалбидан қуйилиб тушган шеърий намуналарни ўқиб, кўзлари яшнаб, туманимиздан яна бир истеъдод кашф қилинганидан қувониб, дўсту биродарларига Шукуржонни таништириб, катта адабиёт майдонига етаклаб кирди.
Кўп ўтмай, Шукур замонамизнинг довруғли шоирлари билан учрашди, улардан улгу олди, ўз ўрнида теран маъноли шеърлар ёзадиган Шукурни ҳам катта шоирлар тан олди. Бирин-кетин унинг “Исёнкор дарахтлар”, “Ёрилтош”, “Таянч нуқтаси”, “Баҳор инқилоб қил”, “Соғиниб келдим”, “Истиқлолнома”, “Ҳурлик салтанати” каби китоблари нашрдан чиқди. Мухлислар Шукур Содиқнинг шеърларига мафтун бўлди, ёд олиб, давраларда айтиб юрди. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо қилинди.
Афсуски, Шукурнинг умри қисқа экан, дунёга ёниб келиб-ёниб кетди – 2016 йилда вафот этди. Аммо унинг қалб ёлқини шеърларида узоқ яшайди. Қадрдонимиз меросини тергилаб нашр қилиш, вақти-вақти билан элга тортиқ қилиб туриш ортда қолганларнинг иши. Шукурнинг охирати обод бўлсин!
Ўктам МИРЗАЁР.
***
ҚИШЛОҚДАН КЕТАЁТИБ ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Киприклари тортилди камон,
Мавҳумликка учиб кетди ўқ.
Бир сўз тегди юракка ёмон,
"Хайр энди, қайтишга йўл йўқ".
Мажруҳ дилим доғларни ювиб,
Олмоқчидек боқди Жарқудук,
Бош эгганча ҳаммага кулиб,
Дедим, хайр, қайтишга йўл йўқ.
Армонимдай улкан, ўркачли,
Ҳув, қирларда қолди изларим.
Хайр, дейман жамалак сочли
Қизлар бошин эгиб қолар жим.
Бахилликдан семирган тўда,
Байрам қилинг, келди чоғингиз.
Ичингиздан етишиб чиққан,
Бир шоирни кўролмадингиз.
- Қишлокда бир безори кам-да...
Пичинг қилар бир зот қуйидан.
У билмайди айни шу дамда
Қизи чиқмай йиғлар уйидан.
Катта қишлоқ бағрига сиғмай,
Кетдим дунё китобин титиб...
Тепаликлар ортидан бир қиз,
Рўмолчасин қолди силкитиб,
Мен жим кетдим, бир сўз демасдан,
Вақти келиб барин айтаман.
Она қишлоқ сен учун, қасддан
Катта шоир бўлиб қайтаман!
ЁЛҒОН
Севдим деган ёлғонинг ёлғон,
Йиғлаб кўнгил олғонинг ёлғон.
Турнақатор ошиқлар ичра,
Ёлғизланиб қолғонинг ёлғон!
Қошларинг дор киприкларингга,
Киприкдайин осилгим келар.
Бу дунёда бахтли одамлар,
Севиб ўлар, севилиб ўлар...
Мен-чи севдим, севилмадим ҳеч,
Ёлғон билан тўлди қучоғим.
Ёлғондакам кунларим ўтар,
Ёлғондакам ёнар ўчоғим.
Эй, кўзлари оҳу ёлғончи,
Кўнглим олган туйғу ёлғончи.
Мен нима ҳам қила олардим,
Оҳ, сендаги қайғу ёлғончи.
Қалбим яшнар шўхликларингдан,
Билмам качон бахтим кулади?!
Сенинг гўзал ёлғонларингни,
Қўшиқ қилиб айтгим келади...
ЖАРҚУДУҚ
Жарқудуқ - чўл қишлоғи,
Биттагина тути бор.
Одамлари жайдари
Юрагида ўти бор.
Тут баланд ва баҳайбат
Шамолларга тушар рақс.
Неча замон тут сабаб
Тугамайди шундай баҳс:
Аҳмад бобо бу тутни
менинг отам эккан, дер.
Бозор бобо бу тутни,
менинг тўрам эккан, дер.
Қилич бобо бу тутни
менинг оғам эккан, дер.
Беш асрдир тут ёши
Қандай ўғил эккандир?
Ё босқинчи бир араб,
ёки мўғул эккандир?
Ҳамма ор деб талашар,
кўзни кўзга тикмасдан.
Ўтди қанча авлодлар
битта ниҳол экмасдан.
Ниҳоят, шу донишлар
бир олимни алқаган.
Олим дебди: ҳаммангиз
бир отадан тарқаган.
Буни аниқлаш учун
Арралашди дарахтни
Огоҳликка чақириб,
Барча ақли карахтни.
САМАРҚАНД ҚАСИДАСИ
Юртим, таърифингга тополмадим сўз,
«Самарқанд сайқали рўйи замин аст».
Сенинг шундай буюк минорларинг бор.
Ўзбек тўғасини кўтаролган даст.
Сен ҳали Мароқанд бўлиб яралмай,
Омонқўтонда жой олганда руҳинг.
Зарафшон соҳилин макон айлади,
Аждодлар онгида ёнган шукуҳинг.
Массагет, саклар-ку кўҳна шажарам,
Вақт замон ҳимматин сўрамай ўтди.
Сен ҳали ўзлигинг тополмай туриб,
Фотиҳлар тупроғинг чангалда тутди.
Жонингга қасд айлаб турганда қилич,
Спитамен бўлиб турган бўронсан.
Оташга сиғиниб, оташда ёнган
Ўзбекнинг ўзаги - бобо Туронсан.
Фалак чархпалаги судралиб, секин,
Қонли асрларни келганда бошлаб.
Сен юрдинг дарбадар, қувғинди халқим,
Ургут тоғларида кўзларинг ёшлаб.
Қутайба, Чингизхон хор этди сени,
Отлар туёғидан бағринг қонталаш.
Кулкапангдан аста хўрсиниб боқдинг,
Ғанимат бойлигинг қилди хомталаш.
Лекин сен эмасдинг қўрқоқ, юраксиз,
Душманни лол этган номус-оримсан.
Ўзича Ҳуррият яратмоқ бўлган.
Дорга тик борувчи сарбадоримсан.
Муҳаббатинг буюк, ғазабинг ўткир,
Ғазабдан яратдинг девкор Темурни.
Меҳру муҳаббат-ла бердинг кўпларга,
Улуғбек онгида ёнган шуурни.
Дунё шаҳарларин султони атаб,
Сени яратдилар, эй, Самарқандим!
Зархал нақшларга мангулик бериб,
Пойингда жон берган қай жигарбандим.
Бугун аждодларим руҳи барҳаёт,
Сен жамол касб этдинг ажиб, ранг-баранг.
Халқим ўз ғурурин айлаб намойиш,
Барчага дарвозанг очиб қўйган ланг.
Олис боболарнинг буюк санъати -
“Занжирбанд шер” бўлган орзу, аламдир.
Сен жангда йўқотган қилич ва қалқон
Навоий қўлидан тушмас қаламдир.
Бугун иқболингда порлоқ юлдузлар,
Озодлик туйғуси сенга ёр бўлсин.
Дунёда тенги йўқ қуббаларингда
Аждодларим руҳи доим бор бўлсин.
Сен менинг ғурурим, сен менинг шоним,
Халқим тафаккурин битта бандисан.
Жаҳонга ўзлигин фахр эта олган,
Оддий ўзбекларнинг Самарқандисан.
Шукур Содиқ.